Жиззах қовунлари дунё бозорларида
Жиззахнинг саҳарлари ўзгача. Қуёш ҳали тўлиқ бош кўтармасиданоқ Шароф Рашидов туманидаги “Янги ҳаёт” фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмаси далаларида меҳнат қайнайди. Ер бағридан таралаётган нам ҳид, полизлар узра таралган қовун ифори ва деҳқонларнинг бир маромдаги ҳаракати барака мавсумининг бошланганидан дарак беради.
Бугун мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кенгайтириш, экспортбоп навларни кўпайтириш, маҳсулот сифатини халқаро талаблар даражасига олиб чиқиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланган. Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 8-апрелда қабул қилинган “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда қайта ишлаш занжирини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида экспортбоп маҳсулотлар етиштириш, логистика, сақлаш ва ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Жиззах полизларида кузатилаётган натижалар ана шу вазифаларнинг амалдаги ифодасидир.
Бунинг амалий тасдиғини рақамлар ҳам кўрсатмоқда. Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, мамлакатимиз 2025 йилнинг дастлабки олти ойида 17 давлатга 14 минг тонна қовун экспорт қилди. Асосий харидорлар қаторидан Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Европа давлатлари ўрин олган. Бу рақамлар нафақат ташқи бозорларда ўзбек полиз маҳсулотларига бўлган талаб ортиб бораётганини, балки деҳқон меҳнатининг муносиб қадр топаётганини ҳам англатади.

Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида ижарачи деҳқон Аҳмад Турғунов жорий йилда тўрт гектар майдонга экспортбоп оқуруғ қовун навини экиб, мўл ҳосил етиштирди. Полизларда обинавот, амири, кўкча, тарпинза каби халқимиз азалдан севиб истеъмол қилиб келаётган навлар ҳам пишиб етилди. Ҳар бир қовунда қуёшнинг ҳарорати, ҳар бир ҳосилда эса деҳқоннинг фидокорона меҳнати мужассам.
Бу далаларнинг яна бир ўзига хос жиҳати — меҳнатнинг уюшқоқ ташкил этилганида. Минглаб гектар майдонларда Наманган вилоятининг Чуст тумани Ақча қишлоғидан келган юзга яқин оила аъзолари шартнома асосида меҳнат қилишмоқда. Кимдир қовун саралайди, кимдир суғориш ишларини бажаради, яна кимдир ҳосилни бозорбоп ҳолатга келтириш билан шуғулланади. Бу ҳамкорлик нафақат маҳсулот етиштириш ҳажмини оширмоқда, балки қишлоқ аҳолиси бандлиги ва даромадларини таъминлашга ҳам хизмат қилмоқда.
Меҳнатнинг натижаси ҳам салмоқли. Мавсум давомида ҳар бир оила ўртача 30–40 миллион сўмгача даромад топмоқда. Бу эса юзлаб хонадонлар фаровонлиги, қишлоқларда барқарор даромад манбаи ва меҳнатга бўлган ишонч мустаҳкамланаётганини англатади.

— 5–6 йилдан буён ижара шартномаси асосида полиз маҳсулотлари етиштириб келяпмиз. Қовун билан бирга тарвуз, картошка, маккажўхори, ошқовоқ ҳам экиб парваришлаймиз. Йил сайин тажрибамиз ошиб бормоқда. Энг катта ютуғимиз — меҳнатимиз орқали одамлар ишли, ризқли бўлаётганидир, — дейди ижарачи деҳқон Аҳмад Турғунов.
Бугун “Янги ҳаёт” сув истеъмолчилари уюшмаси далаларида етиштирилаётган қовунлар ички бозор билан чекланиб қолмаяпти. Сараланган ҳосилнинг бир қисми экспортга йўналтирилмоқда. Айни пайтда хўжаликда экспортбоп қовун навлари ва уруғчилигини янада ривожлантириш, ташқи бозор талабига мос ҳосил етиштириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.
Шубҳасиз, Жиззах полизларида етиштирилаётган қовун, тарвузлар — ерга меҳр қўйган деҳқоннинг ҳалол меҳнати, мамлакатимизда аграр соҳани қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар ва экспорт салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилаётган эзгу саъй-ҳаракатларнинг амалий самарасидир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири