Жиноятга қарши кураш — ҳамжиҳатликдан бошланади
Жиноят содир бўлгандан кейин унинг оқибати билан курашишдан кўра, унинг илдиз отишига йўл қўймаслик минг карра муҳим. Айниқса, ёшлар тақдири, оила тинчлиги ва маҳалла осойишталиги билан боғлиқ ҳар бир ҳуқуқбузарлик ортида нафақат қонунбузарлик, балки эътиборсиз қолган муаммо, ўз вақтида эшитилмаган мурожаат, назоратдан четда қолган ёш ёки тарбиядаги бўшлиқ турган бўлиши мумкин.
Бугун мамлакатимизда жиноятчиликка қарши курашиш масаласига айнан шу нуқтаи назардан ёндашилмоқда. Давлат раҳбари ташаббуси билан маҳаллаларда хавфсиз ва осойишта муҳитни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, айниқса, ёшларни турли салбий таъсирлардан асраш, ҳар бир оила билан манзилли ишлаш тизимига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бухоро шаҳрида ўтказилган кенгайтирилган йиғилиш ҳам ана шу талаб ва вазифаларнинг ҳаётдаги амалий ифодаси бўлди.
Вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Икромжон Турсунов раислигида шаҳардаги жиноятчилик аҳволи, унинг келиб чиқиш сабаблари ва олдини олиш чора-тадбирларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими ўринбосари Б. Адилов, вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосарлари, шаҳар ҳокими, прокуратура органлари масъуллари, Бухоро шаҳридаги барча 65 та маҳалла “еттилиги”, шунингдек, жиноятчилик профилактикасига масъул бўлган идора ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этишди.


Йиғилишда рақамлар шунчаки статистика сифатида эмас, балки ҳар бир мутасаддини жиддий ўйлантириши лозим бўлган кўрсаткич сифатида таҳлил қилинди.
Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида вилоят миқёсида қайд этилган жиноятларнинг асосий қисмини кибермаконда содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар ташкил этмоқда. Бу эса замонавий технологиялар билан бирга янги хавф-хатарлар ҳам кириб келаётганини кўрсатади.
Энг ташвишли жиҳатлардан яна бири — вилоят бўйича олди олиниши лозим бўлган жиноятларнинг салмоқли қисми Бухоро шаҳри ҳиссасига тўғри келаётганидир.
Вилоят маркази — тарихий шаҳар, сайёҳлик маскани, илм-фан ва маданият ўчоғи. Шу боис бу ерда осойишталик ва хавфсизлик масаласи оддий бир кўрсаткич эмас, балки шаҳарнинг умумий қиёфаси, аҳоли хотиржамлиги ва келажак авлод тарбияси билан бевосита боғлиқ масаладир. Шу нуқтаи назардан, йиғилишда Бухоро шаҳрида безорилик жиноятларининг ортиб бориш тенденциясига алоҳида эътибор қаратилди.


Ўтган йилга нисбатан безорилик ҳолатларининг сезиларли даражада кўпайгани танқидий руҳда муҳокама қилинди. Вилоят миқёсида содир этилаётган безорилик жиноятларининг қарийб ярми айнан вилоят маркази ҳиссасига тўғри келаётгани эса бефарқ қолдирмайдиган ҳолатдир. Бу рақам ортида эса оддий бир статистика эмас, балки бузилган осойишталик, жабрланган инсон, ташвишга тушган оила ва баъзан бир умрлик из қолдириши мумкин бўлган тақдирлар бор.
Йиғилишда безорилик жиноятлари энг кўп қайд этилган “С. Айний”, “Шайхон”, “Бехиштиён”, “Жўбор”, “Ж. Икромий”, “Р. Ҳамроев”, “Пириддастгир” ва “Шодлик” маҳаллаларидаги ҳолатлар атрофлича кўриб чиқилди. Эътиборлиси, муҳокама шунчаки ҳисобот эшитиш билан чекланмади. Жиноятда гумон қилинаётганлар ва жабрланувчилар, уларнинг оила аъзолари иштирокида очиқ мулоқотлар ўтказилди. Ҳар бир ҳолатнинг келиб чиқиш сабаблари, унга замин яратган омиллар ва унинг олдини олиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Зеро, профилактика дегани фақат содир этилган жиноятни қайд этиш эмас. Профилактика — жиноят содир бўлишидан олдин хавфни кўра билиш, муаммони аниқлаш, инсон билан ишлаш, уни тўғри йўлга қайтариш демакдир.
Муҳокамалар давомида яна бир жиддий ҳолатга эътибор қаратилди: безорилик жиноятларида гумон қилинаётганларнинг аксарияти ёшлар ва талабалар экани маълум бўлмоқда. Бу ҳолат таълим муассасалари зиммасига жуда катта масъулият юклайди. Ёшнинг қўлига диплом беришнинг ўзи етарли эмас. Унинг дунёқараши, ҳуқуқий маданияти, муомала маданияти, жамоада ўзини тутиши, бўш вақтини қандай ўтказаётгани ҳам доимий эътиборда бўлиши керак.
Шу боис йиғилишда таълим муассасалари раҳбарларига тарбиявий назоратни кучайтириш, қоидабузар талабалар билан манзилли ишлаш, уларнинг ота-онаси ва маҳалласи билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича тегишли вазифалар белгиланди.

Қоидабузар талабалар бўйича олий таълим муассасаларига тегишли тақдимномалар киритилиши белгиланди. Бу талаб жазолаш учун эмас, аввало, жиноятнинг илдиз отишига йўл қўймаслик, ёшнинг бир хатоси унинг бутун келажагини барбод этишига йўл қўймаслик нуқтаи назаридан муҳим. Айниқса, Бухоро шаҳридек қадимий ва маънавий салоҳияти юксак масканда безорилик, кўча жанжаллари ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг кўпайиши мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат экани қатъий таъкидланди.
Давлат раҳбари ташаббуси билан маҳаллани жамиятнинг энг муҳим бўғинига айлантириш, “маҳаллабай”, “хонадонбай” ва “фуқаробай” ишлаш тизимини кучайтиришга катта эътибор берилмоқда. Бу борада маҳалла “еттилиги” зиммасига юкланган вазифаларнинг аҳамияти янада ортади. Чунки кўп ҳолларда муаммо жиноятга айланишидан анча олдин уни кўриш мумкин. Қайси хонадонда оилавий низо бор, қайси ёш ишсиз, кимнинг бўш вақти назоратсиз қолмоқда, ким интернетдаги хавфли таъсирларга берилиб кетмоқда — буларнинг барчасини энг аввало маҳалла билиши керак. Шу маънода, жиноятчилик профилактикаси ички ишлар органларининггина вазифаси эмас. Бу — маҳалла, таълим, соғлиқни сақлаш, ёшлар сиёсати, ҳокимлик, прокуратура, жамоат ташкилотлари, ота-оналар ва кенг жамоатчиликнинг биргаликдаги масъулиятидир.
Йиғилиш якунида масъул раҳбарларга билдирилган танқид ва мулоҳазалардан тегишли хулоса чиқариш вазифаси қўйилди.
Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган аниқ “йўл харитаси” ва кунлик иш режаларини ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилди. Шунингдек, бундай очиқ ва танқидий муҳокамаларни мунтазам ўтказиб бориш белгиланди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири