Жиноят ишлари қўзғатилди
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Хоразм вилоят бошқармаси томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Х.Ж. уч нафар фуқаронинг ишончига кириб, уларни танишлари ёрдамида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун бўлиб ўтадиган имтиҳондан ўтказиб қўйиши эвазига 1 300 АҚШ доллари ва 1,2 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Департаментнинг Когон туман бўлими томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Д.Б. фуқаро М.Х.га танишлари ёрдамида автомактабда ўқиганлиги ҳақида ҳужжат тайёрлаб бериб, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун бўлиб ўтадиган имтиҳондан ўтказиб қўйиши эвазига 1 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддалари (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
А.Шокиров, ЎзА мухбири