Женсен Хуанг NVIDIA раҳбарлигидан кетди
Американинг NVIDIA технологик компанияси асосчиси Женсен Хуанг бош директор лавозимидан истеъфога чиқди. Шунингдек, у директорлар кенгаши аъзолигини ҳам тарк этди.
Таъкидланишича, компанияга вақтинча 2013 йилдан буён молиявий директор лавозимида ишлаб келаётган Колетт Кресс раҳбарлик қилади. У аввал “Cisco” ва “Microsoft” каби йирик технологик корпорацияларда қарийб 25 йил фаолият юритган. Кресс янги раҳбар тайинлангунига қадар молиявий директор вазифасини ҳам бажаришда давом этади.
Директорлар кенгаши доимий бош директор лавозимига ички ва ташқи номзодларни кўриб чиқишни бошлади. Шунингдек, илгари “Synopsys” компаниясига раҳбарлик қилган Харви Жонс NVIDIA тарихида биринчи марта директорлар кенгаши раиси этиб тайинланди.
Компания баёнотига кўра, мазкур ўзгаришлар NVIDIA фаолияти, мижозлар олдидаги мажбуриятлари ва технологик лойиҳалар ижросига таъсир кўрсатмайди.
Хорижий нашрлар ёзишича, Хуангнинг истеъфоси унинг шахсий муносабатлари билан боғлиқ можаро ва миллий хавфсизликка оид хавотирлар ортидан юз берган. Бироқ NVIDIA расмий баёнотида истеъфо сабаблари очиқланмаган.
Маълумот учун, Женсен Хуанг 1993 йилда NVIDIA компаниясига асос солган ва 33 йил давомида унга раҳбарлик қилган. Унинг бошқаруви даврида компания сунъий интеллект учун юқори самарали процессорлар ишлаб чиқарувчи жаҳон етакчиларидан бирига айланди.
А.Маматов, ЎзА