“ЖЧ-2022”даги энг ёш ва энг кекса мураббий ким?
Хабарингиз бор, шу кунларда Яқин Шарқ мамлакати – Қатарда футбол бўйича жаҳон чемпионати қизғин ўтмоқда. Мундиал давомида айрим қизиқарли маълумотларга дуч келяпмиз.
Аргентиналик Лионел Скалони мусобақанинг энг ёш мураббийи, деб топилган. У 1978 йил 16 майда туғилган. Футболчи фаолияти давомида Аргентинанинг «Ньюэллс Олд Бойз», «Эстудиантес», Испаниянинг «Депортиво» (Ла-Корунья), «Расинг», «Мальорка», Италиянинг «Лацио», «Аталанта» клубларида тўп сурган.

Л.Скалони 2016 йилдан буён мураббий сифатида ишлаб келяпти. 2016-2017 йилларда Испаниянинг «Севилья» клубида бош мураббий ёрдамчиси бўлган, кейин эса Аргентина терма жамоасида иш бошлаган.
У 2018 йилдан бери Аргентина терма жамоасини бошқариб келмоқда. Эслатиб ўтамиз, терма жамоа мусобақанинг 1-турида Саудия Арабистонига имкониятни бой берган бўлса, 2-турда Мексикани мағлуб этган.

Шунингдек, Нидерландия терма жамоаси бош мураббийи Луи ван Гал эса “ЖЧ-2022”даги энг кекса мураббий ҳисобланади. У ҳозир 71 ёшда.
Қизиқарли маълумотлар ҳали олдинда, ЎзАни кузатиб боринг.
Б.Худойбердиев, ЎзА