Жавлон Ваҳобов: Марказий Осиёнинг асосий вазифаси – иқтисодий алоқа ва транспорт йўналишларини такомиллаштириш
Вашингтон шаҳрига амалий ташрифи доирасида Тошкентдаги Марказий Осиё халқаро институти директори Жавлон Ваҳобов Америка ташқи сиёсат кенгашида ташкил этилган давра суҳбатида иштирок этди. Тадбир Евросиёдаги ўзгариб бораётган геосиёсий вазият шароитида минтақамиз давлатларининг кўп қиррали ташқи сиёсати устувор йўналишларига бағишланди.
Анжуманда Марказий Осиё масалаларига ихтисослашган етакчи маҳаллий таҳлил марказлари ва илмий доиралари вакиллари, экспертлар ҳамда тадқиқотчилар ҳам тўпланди.
Иштирокчилар давлатларимизнинг асосий ташқи ҳамкорлар билан шериклиги кўламини кенгайтириш, транспорт занжирини мустаҳкамлаш, энергетика хавфсизлиги, муҳим минерал ресурслар ҳамда минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш мавзуларини муҳокама қилдилар.
Ж.Ваҳобов Марказий Осиё тобора кўпроқ географик чеклов нуқтаи назаридан эмас, балки Россия, Хитой, Европа, Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ ўртасидаги жойлашувини стратегик мослашувчанлик манбаига айлантиришга интилаётган минтақа сифатида қабул қилинаётганини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, минтақа учун асосий вазифа иқтисодий алоқа, транспорт йўлаклари, энергетика йўналишлари ва халқаро ҳамкорликни такомиллаштиришдан иборат.
Айни жараён аллақачон амалий мазмун касб этаётгани қайд этилди. Марказий Осиё аҳолиси 80 миллион кишидан ошган. 2017 йилдан буён минтақа доирасидаги савдо миқдори икки баробар ортиб, қарийб $11 миллиардга етган, умумий ялпи ички маҳсулот 2,5 марта ўсиб, тахминан 520 миллиард долларни ташкил этган. МОХИ раҳбари мазкур рақамлар минтақанинг иқтисодий мустақиллиги ортиб бораётганини кўрсатишига эътибор қаратиб, янада мувофиқлаштирилган минтақавий кун тартибини илгари суришга интилиш кучайиб бораётганини таъкидлади.
Ўз навбатида, Америка ташқи сиёсат кенгаши катта вице-президенти Илан Берман ушбу жараён АҚШ учун С5+1 доирасида сиёсий манзарадан амалий натижа босқичига ўтиш имконияти эканлигини эътироф этди. Мунозара чоғида транспорт ва логистика, энергетика, ядровий хавфсизлик, муҳим минерал ресурслар, рақамли инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, таълим ва инсон капиталини ривожлантириш истиқболли йўналишлар сифатида қайд этилди.
Ғ.Хонназаров тайёрлади. ЎзА