“Жар”да Марказий Осиё чемпионати бўлиб ўтмоқда
Бугун, 26 ноябрь куни пойтахтимиздаги “Жар” спорт-соғломлаштириш мажмуасида ушу бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги Марказий Осиё чемпионати баҳсларига старт берилди.
Ўзбекистон ушу федерацияси бош котиби Ирина Сухорукованинг маълум қилишича, чемпионатда 350 нафарга яқин ёш спортчилар уч кун мобайнида ушунинг таолу ва санда йўналишида баҳслашади.
Марказий Осиё чемпионати баҳсларида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Ўзбекистон-1 ва Ўзбекистон-2 терма жамоалари спортчилари қатнашмоқда. Мазкур халқаро мусобақани юқори савияда ташкил этиш учун жорий йилнинг 20-21 ноябрь кунлари ушу ҳакамлари учун семинар машғулотлари ташкил этилди.
Мусобақа дастурига биноан бугун ва эртага Марказий Осиё чемпионатининг саралаш беллашувлари ўтказилади. 28 ноябрь куни эса барча финал баҳслари бўлиб ўтади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА