Жамшид Қўчқоров Янги тараққиёт банки президенти билан учрашди
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари- иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров Янги тараққиёт банки президенти Дилма Руссефф хоним билан учрашув ўтказди.
Мулоқот чоғида томонлар қўшимча молиявий ресурсларни жалб этиш, инвестиция механизмларини такомиллаштириш ва йирик лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорликни кучайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Хусусан, учрашувда Ўзбекистон билан мазкур банк ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ҳамда уни янги босқичга олиб чиқиш масалалари кўриб чиқилди. Асосий эътибор мамлакатда барқарор иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлашга қаратилган инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга қаратилди.
Шунингдек, банкнинг энергетика, транспорт, сув хўжалиги, экология ва ижтимоий инфратузилма соҳаларидаги йирик лойиҳаларни молиялаштириш имкониятларидан фойдаланиш, стратегик ташаббусларни амалга ошириш учун ҳамкорликни кенгайтириш бўйича фикр алмашилди.
Вазирлик ахборот хизмати маълумотига кўра, Янги тараққиёт банки (New Development Bank) 2015 йилда БРИКС давлатлари томонидан ташкил этилган халқаро молиявий институт ҳисобланади. Унинг асосий мақсади ривожланаётган мамлакатлар ҳамда шаклланаётган бозор иқтисодиётига эга давлатларда инфратузилма ва барқарор ривожланиш лойиҳаларини молиялаштириш учун узоқ муддатли молиявий ресурсларни сафарбар этишдан иборат.
Учрашув якунида икки томон ҳам шериклик муносабатларини изчил ривожлантириш ва амалий ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдор эканликларини билдирди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА