Жамоатчилик назорати кучайтирилади
Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан контрафакт маҳсулотлар реализациясининг олдини олиш ва интеллектуал мулкнинг ишончли ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш мақсадида “Элликқалъа деҳқон бозори” масчъулияти чекланган жамиятида тадбир ташкил қилинди.
Туман адлия бўлими билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда тадбиркорларга ихтиро, фойдали модель ва саноат намуналари, товар белгилари ва географик кўрсаткичларни, савдо ва хизмат кўрсатиш белгисини (бренд) рўйхатдан ўтказишнинг афзалликлари ҳақида ҳуқуқий тушунтириш берилди. Мамлакатимизда контрафакт маҳсулотлар реализациясининг олдини олиш бўйича реал механизмларни назарда тутувчи қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилгани қайд этилди.

Мутахассислар контрафакт маҳсулотлар реализациясининг олдини олиш ва интеллектуал мулк объектларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар, контрафакт маҳсулотлар реализацияси учун жавобгарлик масалалари юзасидан батафсил маълумот беришди. Тадбиркорларга контрафакт маҳсулотлар каталоги, буклет ҳамда флаерлар тарқатилди.
Истеъмолчилар ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш учун жамоатчиликни кенг жалб этиш, ички истеъмол бозорида сифати паст, одамлар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирувчи товарлар сотилишига йўл қўймаслик устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, аҳолининг ҳуқуқий ва истеъмол маданиятини ошириш долзарб вазифа ҳисобланади. Зеро контрафакт маҳсулотлар нафақат ҳақиқий ишлаб чиқарувчи, балки бутун жамиятга ҳам зарар етказиши мумкин.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири