Жамоатчилик эшитуви: муаммолар, вазифалар, режалар
Андижонда вилоятдаги кўп хонадонли уйларни таъмирлаш ҳамда уларга туташ ҳудудларда умумий фойдаланишдаги инфратузилма объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича белгиланган чора-тадбирлар ижросига бағишланган жамоатчилик эшитуви ўтказилди.
Мазкур тадбир “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” доирасида “Юксалиш” ҳаракати Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши, Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фондининг Андижон вилояти бўлинмаси, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси ҳамда Халқ депутатлари вилоят кенгаши котибияти ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда мутасадди давлат ташкилотлари вакиллари, маҳаллий кенгаш депутатлари, экспертлар ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди.
Жамоатчилик эшитувида Президентимизнинг жорий йил 5 февралдаги “Кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори доирасида кўп хонадонли уйларни таъмирлаш дастурининг ижроси, молиялаштириш масалалари ва амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот тингланди. Шунингдек, қарор ижроси ҳолати бўйича ўтказилган жамоатчилик мониторинги натижалари тақдим этилди.
[gallery-32139]
2026 йилда Андижон вилояти туман ва шаҳарларида республика бюджетидан 41 миллиард 192 миллион сўм маблағ ажратилиши ҳисобига кўп хонадонли уйларни таъмирлаш ва уларга туташ ҳудудларда инфратузилма объектларини барпо этиш белгиланган.
Хусусан, 52 та болалар майдончасини қуриш, 11 895 погон метр ирригация тармоқларини барпо этиш, 34 минг квадрат метр йўлакларни бетонлаш ҳамда 24 та умумий фойдаланишдаги ҳожатхона қуриш режалаштирилган.
“Юксалиш” ҳаракати Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан дастур ижроси юзасидан ўтказилган жамоатчилик мониторингида Андижон, Избоскан ва Олтинкўл туманларидаги жами 22 та кўп хонадонли уй ва уларга туташ ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар бевосита жойига чиққан ҳолда ўрганилди.
– Мониторинг натижаларига кўра, дастур доирасида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, ижобий натижаларга эришилган бўлса-да, айрим объектларда ишлар ҳали бошланмаган, – дейди “Юксалиш” ҳаракати Андижон вилоят бўлинмаси раҳбари Диёрбек Турғунов. – Қолаверса, ўрганишлар давомида тасдиқланган манзилли рўйхат билан амалда бажарилаётган ишлар ўртасида тафовутлар мавжудлиги ҳам аниқланди. Шунингдек, аҳолининг айрим инфратузилма объектларига бўлган эҳтиёжларини ўрганиш бўйича қўшимча сўровлар ўтказиш зарурлиги ҳам маълум бўлди.
Жамоатчилик эшитуви давомида мониторинг натижалари тақдим этилиб, аниқланган муаммолар ва уларнинг ечимлари муҳокама қилинди. Хусусан, ишлар бошланмаган объектлар бўйича масъул ташкилотлар ва ижро муддатларини белгилаш, қурилиш сифати ва хавфсизлигини назорат қилиш, инфратузилма объектларининг манзилли рўйхатини шакллантиришда аҳоли ва маҳалла фаоллари таклифларини инобатга олиш ҳамда қурилган объектларни сақлаш учун масъулларни белгилаш зарурлиги таъкидланди.
Жамоатчилик эшитуви якунида билдирилган таклиф ва тавсияларни умумлаштириш ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар белгилаш юзасидан фикрлар билдирилди.
Иштирокчилар мавзу доирасида ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасадди ва мутахассислардан батафсил жавоблар олди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари.