Жамоатчи эко-инспекторлар тақдирланди
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Н.Обломуродов Жиззах вилоятига хизмат сафари давомида жисмоний ва юридик шахсларнинг соҳага оид мурожаатлари юзасидан сайёр қабул ўтказди.
Сайёр қабулда фуқароларнинг оқова сув, чиқинди муаммолари, мактабгача таълим ва умумтаълим мактабларида ёшларнинг экологик билимини ошириш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш ва бошқа экология, атроф-муҳит билан боғлиқ таклиф ва мурожаатлари тингланди.
– Жиззах шаҳрида яшайман, уйимиз яқинида автомобилларни ювиш шохобчаси бор ва унинг ҳидига, айниқса иссиқ кунларда умуман чидаб бўлмайди, – дейди Баҳром Сангилов. – Шаҳримизда юзга яқин шу каби шохобчалар баҳор-ёз кунлари бир кеча кундузда деярли 24 соат, куз-қишда 12-16 соатлаб ишлайди. Автомобилларни юваётган пайтида сув тортадиган насосдан фойдаланилади. Ўшанда бизга сув келмай қўяди. Ҳар бир автомобилларни ювиш шохобчаси техник, яъни истеъмолга яроқсиз сувдан фойдаланиши лозим. Қолаверса, бу шохобчаларда шу техник сувни қайта ишлаш ускунаси ва сув жамғарадиган идиши бўлиши керак. Лекин нафақат уларда, балки шаҳримиздаги ўнлаб худди шундай “автомойка”ларда ана шунақа ускуна, идишлар мавжуд эмас ва улар аҳоли учун берилаётган тоза ичимлик сувидан фойдаланиб, оқова сувни канализация тармоғига эмас, шаҳардаги ариқларга оқизиб қўяди. Натижада ҳаво сал исиганида, атрофни ўта нохуш ҳид босиб кетади.
[gallery-9351]
– Йирик шаҳарларга борганимизда ҳар қадамда, турли майда чиқиндиларни ташлаш учун кичик-кичик чиқинди қутиларига кўзимиз тушади, – дейди нафақадаги педагог Фотима Холиқова. – Лекин Жиззах шаҳрида, ташкилот, корхоналарни олдида бор, холос. Туманларда эса бу қутичалар деярли учрамайди. Шу сабабдан фуқаролар ҳар қандай чиқиндини дуч келган жойга ташлаб кетаверади. Шароит яратилиб, кейин тозалик талаб қилиниши керак.
Сайёр қабул жараёнида келиб тушган ҳар бир мурожаатни белгиланган муддатларда ижросини таъминлаш юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилди.
Сайёр қабулда учта мурожаат жойида ҳал этилди. Вақт талаб этадиган масалалар бўйича аниқ муддат белгиланиб, ижроси қатьий назоратга олинди.
Сўнг атроф-муҳитга бефарқ бўлмасдан, масъулият билан ишлаб келаётган 2 нафар жамоатчи инспекторга ташаккурнома ва мукофот пуллари топширилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА