Жалақудуқ туман суди янги бинода иш бошлади
Андижон вилоят суди томонидан Жалақудуқ туманида барпо этилган янги типдаги суд биносига оммавий ахборот воситалари ходимлари, мустақил журналист ва блогерлар учун медиа-тур ташкил этилди.
Мамлакатимизда кейинги йилларда демократик ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш, суд тизимини ислоҳ қилиш, демократлаштириш, одил судловга эришиш, судьялар мустақиллигини, уларнинг фаолиятини кенг жамоатчилик учун очиқ ва шаффофлигини таъминлаш, шунингдек, судларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, самарали иш юритиш учун қулай шароитлар яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Суд биноларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган давлат дастурига асосан мамлакатимизда судлар учун 31 та янги бино барпо этиш ҳамда 107 та бинони таъмирлаш белгиланган. Жалақудуқ туманида умумий лойиҳа қиймати қарийб 4,5 миллиард сўм бўлган, “Радиус сервис” қурилиш корхонаси томонидан барпо этилган янги типдаги суд биноси вилоятда ана шу йўналишдаги ишларнинг дебочаси бўлди.
Медиа-тур иштирокчилари суд биносидаги шарт-шароит ва қулайликлар билан танишди.
[gallery-2207]
– Янги суд биноси энг замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган, самарали иш олиб бориш учун зарур барча шароитлар яратилган, – дейди Жиноят ишлари бўйича Жалақудуқ туман суди раиси Нозимжон Парпиев. – Бинода фуқаролар ва аризаларни қабул қилиш, она ва бола, тиббиёт хоналари, адвокат ва прокурор учун махсус хоналар, алоҳида кутубхонанинг мавжудлиги, шунингдек, видеоконференцалоқа, инфакиоск, корпоратив тармоқ тизими ишга туширилганлиги нафақат фуқароларга, қолаверса, суд жараёнида иштирок этувчи барчага катта қулайликлар яратади.
Бундан ташқари, бинода ахборот-коммуникация технологиялари билан боғлиқ кенг имкониятлар яратилганки, бу муайян суд иши юзасидан суд жараёнида қатнашаётган тарафларга жуда катта қулайлик яратади. Хусусан, видеоконференцалоқа тизими мамлакатимизнинг барча вилоятлари интеграциялашган бўлиб, иш юзасидан даъвогар, жавобгар ёки гувоҳ бошқа ҳудудда туриб видеоконференцалоқа тизими орқали суд мажлисида қатнашиш имконияти яратилган. Мазкур тизимнинг йўлга қўйилганлиги фуқароларнинг вақтини, маблағини тежайди, ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олади.
Суд қабулхонасида жойлашган инфакиоск орқали фуқаролар судлар фаолиятига дахлдор тартиб-қоидалар, Олий суд пленум қарорлари, соҳага оид янгиликлар, даъво аризалари билан танишишлари, зарур бўлганда улардан намуналар олишлари ёки шу жойнинг ўзида даъво аризасини тўлдириб, электрон тарзда судларга тақдим этиши мумкин.
Якунда ташкил этилган мулоқотда медиа-тур қатнашчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга туман судлари раислари ҳамда мутасаддилардан жавоб олди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА