Жаҳонда қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш ҳажми 950 миллиард доллардан ошди
Жаҳонда геосиёсий кескинлик, иқтисодий беқарорлик ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавф-хатарлар ортиши фонида қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳажми 2023–2025 йилларда қарийб 15 фоизга ошди.
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) ҳисоботида 2025 йилда дунёда аграр соҳани қўллаб-қувватлаш ҳажми 950 миллиард доллардан ошгани қайд этилган. Бу ҳисобот қамраб олган мамлакатларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари умумий қийматининг 19,1 фоизига тенг.
Ташкилот экспертларининг таъкидлашича, ажратилаётган маблағларнинг асосий қисми соҳанинг узоқ муддатли барқарорлигини таъминлашга эмас, балки инқирозлар оқибатларини юмшатишга қаратилган қисқа муддатли чораларга йўналтирилмоқда.
Ҳисоботда фермерларга кўрсатилаётган ёрдамнинг қарийб 80 фоизи экологик ёки бошқа мажбурий талаблар билан боғланмагани таъкидланган. Маблағларнинг атиги 5,7 фоизи ихтиёрий экологик тадбирларни амалга ошириш, 15 фоизи эса белгиланган стандартларга риоя этиш шарти билан ажратилмоқда.
Айни пайтда, қишлоқ хўжалиги инфратузилмаси, илмий тадқиқотлар ва инновацияларга йўналтирилган харажатлар 118 миллиард долларни ташкил этган. Уларнинг аграр маҳсулотлар қийматига нисбатан улуши 2000–2002 йиллардаги 4,6 фоиздан 2,4 фоизга тушган.
ИҲТТ мутахассислари мавжуд субсидия ва қўллаб-қувватлаш механизмларини қайта кўриб чиқиш, маблағларни аниқ мақсадларга йўналтириш ҳамда иқлим ўзгаришига мослашувчан қишлоқ хўжалигини ривожлантириш зарурлигини таъкидламоқда. Шунингдек, инновациялар, маслаҳат хизматлари ва узоқ муддатли барқарорликни таъминловчи лойиҳаларга инвестицияларни кўпайтириш тавсия этилган.
А.Маматов, ЎзА