Жаҳон футбол мутасаддилари Доҳада
Бугун Қатар пойтахти Доҳада Халқаро футбол федерацияси (FIFA) нинг 72-конгресси ўз ишини бошлайди.
FIFA расмий сайтининг хабарига кўра, конгрессда бир қатор масалалар кўриб чиқилади ва тасдиқланади.
Аммо унда олдин режалаштирилган жаҳон чемпионатларини ҳар икки йилда ўтказиш масаласи муҳокама қилинмайди.
Хабарда айтилишича, конгресснинг асосий мавзуларидан бири Россия футбол уюшмасининг FIFA таркибидаги фаолияти муҳокамалар марказида бўлиши кутилмоқда.
Шунингдек, Халқаро футбол федерацияси аъзолигидан бир ой муддатга четлатилган Кения ва Зимбабве мавзуси ҳам кун тартибидан жой олган.
Конгресс иши давомида эртага, 1 апрель куни жорий йилнинг 21 ноябрь - 18 декабрь кунлари Қатарда ўтадиган жаҳон чемпионатига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади.
Шунингдек, хабарда келтирилишича, конгресснинг бугунги йиғилишида Халқаро футбол федерациясининг 2023 йилги 73-конгрессида бўлиб ўтадиган FIFA президентлиги учун сайловларнинг бошланганлиги расман эълон қилинади.
Т.Рўзиев, ЎзА