Жаҳон чемпионлари ҳарбий хизматчилар ҳузурида
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Қоровул қўшинларига қарашли Андижон шаҳридаги ҳарбий қисмда олимпиада ва жаҳон чемпионлари билан учрашув ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги "Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, ҳарбий хизматчилар ўртасида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган тадбирда бокс бўйича олимпиада ҳамда жаҳон чемпиони Муҳаммадқодир Абдуллаев, кикбоксинг бўйича жаҳон, қўл жанги бўйича Осиё чемпиони Мирзоҳид Атобоев иштирок этди.
Тадбирнинг очилишида сўз олган ҳарбий қисм командири, полковник Ж.Саъдуллаев ва бошқалар томонидан ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний ва жанговар тайёргарлиги, профессионал салоҳиятини янада оширишда спорт билан мунтазам шуғулланиш, соғлом турмуш тарзи кўникмаларига қатъий амал қилиш муҳим эканлиги таъкидланди.
[gallery-14568]
Учрашувда чемпионлар Муҳамадқодир Абдуллаев, Мирзоҳид Атобоев ҳар бир йигит учун Ватан ҳимояси муқаддас, Ватан ҳимоячиси бўлиш шарафли бурч эканлиги, ҳарбий хизматчининг спорт билан мунтазам шуғулланиши, жисмоний тайёргарлиги юксак бўлиши эса унинг ҳарбий хизматни юқори даражада адо этишига ёрдам беришини алоҳида қайд этиб, ўзларининг спортдаги фаолияти, чемпионлик билан боғлиқ хотиралари ҳақида гапирди.
Унутилмас таассуротларга бой, қизиқарли мулоқот ва савол-жавоб тарзида ўтган, ҳарбий хизматчиларнинг руҳиятини кўтарган учрашувда чемпионлар ҳарбийларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб қайтарди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари