Жаҳон чемпионатининг очилиш маросими бўлиб ўтди
Пойтахтимиздаги муҳташам «Ҳумо Арена» спорт мажмуасида мамлакатимизда илк бор дзюдо бўйича ўтказилаётган тарихий Жаҳон чемпионатининг тантанали очилиш маросими ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Халқаро дзюдо федерацияси президенти Мариус Визер, Халқаро олипия қўмитаси ижроия қўмитаси аъзолари, халқаро спорт федерацияларининг раҳбарлари иштирокида ўтган тантаналар давомида халқимизнинг бетакрор санъати, миллий маданиятимизнинг нодир дурдоналари ижро этилди. Бу жараёнлар жаҳоннинг бир қатор телеканаллари, ижтимоий тармоқлари орқали дунё аҳлига Янги Ўзбекистоннинг янги ютуқлари сифатида намойиш қилинди.
35-жаҳон чемпионати очилиш маросими тантаналарида кенг ва ёруғ, турфа ранглар ва безаклар жилоси билан безатилган майдонга Халқаро дзюдо федерацияси байроғини уч карра Олимпия ўйинлари совриндори, икки бор жаҳон чемпиони мақомига эришган истеъдодли спортчимиз Ришод Собиров етакчилигидаги спортчилар олиб киришди. Олқишлар, миллий мусиқа садолари йиғилганларга ўзгача завқ бағишлади.
[gallery-9075]
Халқаро дзюдо федерацияси президенти Мариус Визер пойтахтимизда ўтказилаётган Жаҳон чемпионати шу пайтгача ўтган чемпионатлардан ҳар жиҳатдан юқори савияда ташкил этилаётганлиги, бу - Ўзбекистонда амалга оширилаётган халқаро даражадаги янгиланиш, юксалиш тамойилларининг ёрқин ифодаси эканлигини эътироф этиб, жаҳон дзюдо оиласига Тошкентдан салом йўллаётганлигидан ифтихорда эканлигини билдирди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов 35-жаҳон чемпионатининг юртимизда ўтказилиши жисмоний тарбия ва спорт соҳасида, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли тараққиёт стратегиясининг муҳим бўғини эканлигини таъкидлаб, нуфузли мусобақани расман очиқ, деб эълон қилди.
Тантанага йиғилган спортчилар, кенг жамоатчилик вакиллари, томошабинлар жўрлигида Ўзбекистон мадҳияси янгради.
Тадбир байрамона куй-қўшиқлар, миллий санъатимизнинг жозибали рақслари, ёш ижрочиларнинг дилбар ижролари билан давом этди.
Т. Рўзиев, ЎзА