Жаҳон чемпионатидан битта кумуш
Аввал хабар берганимиздек, Россиянинг Уфа шаҳрида эркин, юнон-рум ва аёллар кураши бўйича ўсмирлар ўртасида навбатдаги жаҳон чемпионати ўтказилмоқда.
Эпидемиологик вазият туфайли ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг икки йилдан бери ўтказилмаётганлиги дунёнинг энг кучли ёш курашчиларини аниқлаш имконини бермаётганди.
Уфа-2021 баҳслари ҳар бир давлат терма жамоалари учун кейинги ўн йилликдаги кучли курашчиларни аниқлаб бериши ва дунё спорт курашчиларининг бўлғуси юлдузларини кашф қилиши билан ўзига хос аҳамият касб этди.
Мазкур дунё биринчилигида эркин курашчиларимизнинг икки нафари – ёшлар олимпиадасининг ғолиби Умиджон Жалолов ва ёшлар олимпидасининг совриндори Муҳаммадрасул Раҳимов 16-18 август кунлари ўтказилган баҳсларда кўзланган натижага эриша олмади. Чемпионатнинг 1/8 финал босқичида томошабинлар сафидан жой олди.
Жаҳон чемпионатининг юнон-рум кураши беллашувларида эса мамлакатимизнинг ёш полвонлари тўлиқ таркиб билан қатнашди. Яъни, дунё биринчилиги учун белгиланган 10 та вазннинг барчасида Ўзбекистон курашчилари чемпионлик учун баҳсларга киришди.
55 килограмм вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Алимардон Абдуллаев финалгача бўлган курашларнинг барчасида ишончли ғалабага эришди.
Жумладан, у ўтиш баҳсларида қирғизистонлик Холжигит Акиякатни 5:1, руминиялик Денис Фиоринни 8:0 ва ярим финалда тожикистонлик Асламжон Азизовни 8:3 ҳисобида мағлуб этиб, финалга йўл олди. Жаҳон чемпионлиги учун эронлик Амир Ризо Дехбозорги билан ўтган тенг курашлар остидаги кескин беллашувда эса 3:1 ҳисобида имкониятни бой бериб, жаҳон чемпионатини иккинчи ўрин билан якунлади. Озарбайжон ва Қирғизистон вакиллари 3-ўринни эгаллади.
Чемпионатнинг 60, 63, 67, 72, 77, 82, 87, 97 ва 130 килограмм оғирлик вазнларида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган Шермуҳаммад Шарибжонов, Аброр Атабаев, Дониёрхон Нагибов, Жамол Жумабоев, Муроджон Алимжонов, Муҳаммадқодир Расулов, Шаҳриёр Жўрабоев, Аброрбек Нурмуҳаммедов ва Темурбек Насимов ўз вазнларида гарчи кутилган марраларни забт этолмаган бўлса-да, дунёнинг энг кучли спортчилари билан муносиб тарзда баҳслаша олди. Муҳими, жаҳон чемпионатининг “ҳавосини” қалбларига жо этди.
Вакилларимиздан 87 килограмм вазнда чемпионлик учун курашган Шаҳриёр Жўрабоев саралаш баҳслари йўлида эстониялик курашчи “тўсиғи”дан омадли ўтиб, россиялик Адиан Амриевга тенг баҳсда йўл берди.
Бугун, 22 август куни юнон-рум кураши бўйича 60, 67, 72, 82 ва 97 килограмм вазнларда финал баҳслари ўтказилади. Шундай бўлса-да, мазкур жаҳон чемпионати Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларининг 1 та кумуш медалга сазовор бўлиши билан якунланди.
Тўлқин РЎЗИЕВ, ЎзА