Жаҳон чемпионати баҳслари республика мусобақаси билан бошланди
Самарқандда “World Triathlon Championship Series – 2026” ва “World Triathlon Para Series – 2026” мусоқабалари ўтказилмоқда.
Халқаро триатлон иттифоқи ҳомийлигида ўтказиладиган мазкур мусобақа халқаро триатлон пойгалари сериясининг энг юқори поғонаси бўлиб, Марказий Осиёда биринчи марта ўтказилмоқда.
Аслида, Самарқанд аввал ҳам жаҳон триатлончилари эътиборига тушган эди. 2024 йилда бу ерда биринчи марта триатлон бўйича Жаҳон кубоги баҳслари ўтказилди ва бу тадбир юқори ташкилий даражада ўтган мусобақа сифатида эътироф этилганди.
[gallery-28950]
Бу гал Самарқанд жаҳон триатлони юлдузларини яна ушбу қадимий кентда бирлаштирмоқда. Чемпионатда 30 га яқин мамлакатдан маҳоратли атлетлар иштирок этиш истагини билдирган.
Бугун мазкур нуфузли мусобақа олдидан эркаклар ва аёллар ўртасида Ўзбекистон чемпионати старт олди.
Иштирокчилар олимпиада талаблари асосида 1500 метрга сузиш, 40 километрга велопойга ҳамда 10 километр масофага югуриш баҳсларида ўз имкониятларини синовдан ўтказмоқда.
Мусобақанинг асосий – “World Triathlon Championship Series – 2026” баҳслари 25 апрель куни бўлиб ўтади. “World Triathlon Para Series – 2026” мусоқабалари эса 26 апрелга белгиланган.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари