Жаҳон банки ва ХВЖ иштирокида минтақавий иқтисодий ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди
Юртимизда инвестициявий муҳитни янада яхшилаш, минтақавий иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш ҳамда халқаро савдо алоқаларини кенгайтиришга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ана шу саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми сифатида Тошкент шаҳрида Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банкининг “Швейцария гуруҳи” навбатдаги йиғилиши доирасида “Ўзаро боғлиқлик: минтақавий ҳамкорлик, хусусий сектор инвестициялари ва очиқ савдо” мавзусида юқори даражадаги халқаро семинар бўлиб ўтди.
Маҳаллий ва хорижий давлат идоралари вакиллари, халқаро молия институтлари раҳбарлари, экспертлар ҳамда мутахассислар иштирок этган тадбирда минтақа мамлакатлари ўртасида иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, хусусий сектор инвестицияларини рағбатлантириш, савдо муносабатларини янада эркинлаштириш ва транспорт-логистика боғлиқлигини мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров, Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Антонелла Бассани ҳамда бошқа юқори мартабали иштирокчилар сўзга чиқиб, бугунги глобал иқтисодий шароитда минтақавий ҳамкорлик барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, инвестицияларни жалб этиш ва мамлакатлар рақобатбардошлигини оширишнинг муҳим омили эканини таъкидлади.

Муҳокамалар чоғида транспорт ва логистика йўналишларини диверсификация қилиш, савдо харажатларини қисқартириш, қўшни давлатлар билан иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш ҳамда ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтириш устувор вазифалар сифатида қайд этилди.
Шундан келиб чиқиб, семинарнинг асосий қисми рақамли инфратузилма, энергетика, транспорт ва савдо йўлакларини ривожлантириш, трансчегаравий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда хусусий сектор инвестицияларини жалб қилиш масалаларига бағишланди. Таъкидланганидек, бундай лойиҳалар Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо ҳажмини ошириш ва янги инвестициявий имкониятларни яратишда муҳим аҳамият касб этади.
Семинарда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш йўлида амалга ошираётган изчил ислоҳотлари ҳам алоҳида эътироф этилди. Хусусан, миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мослаштириш, тартибга солиш механизмларини такомиллаштириш ҳамда инвесторлар учун очиқ, шаффоф ва башорат қилинадиган бизнес муҳитини шакллантириш мамлакатнинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувида муҳим аҳамият касб этаётгани қайд этилди.

Иқтисодиёт ва молия вазири матбуот котиби - ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Рушана Умарова қайд этганидек, мазкур мулоқот минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли иқтисодий шерикликни янада ривожлантириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
– Семинар давомида инфратузилма ва ўзаро боғлиқлик лойиҳаларига хусусий инвестицияларни жалб қилиш, давлат-хусусий шериклик механизмларини такомиллаштириш, аралаш молиялаштириш воситаларидан самарали фойдаланиш, савдо харажатларини қисқартириш, божхона тартиб-таомилларини модернизация қилиш ҳамда тартибга солиш механизмларини уйғунлаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, Жаҳон банки гуруҳи, Халқаро валюта жамғармаси ва бошқа халқаро молия институтларининг минтақавий иқтисодий ташаббусларни қўллаб-қувватлашдаги муҳим ўрнига алоҳида эътибор қаратилди. Илгари сурилган ташаббус ва таклифлар минтақавий иқтисодий интеграцияни янада чуқурлаштириш, инвестициявий муҳитни такомиллаштириш ҳамда хусусий сектор иштирокини кенгайтиришга хизмат қилади. Энг муҳими, бундай мулоқотлар мамлакатлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва иқтисодий шерикликни мустаҳкамлаб, янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун мустаҳкам замин яратади, – деди Рушана Умарова.

Муҳокамалар якунида иштирокчилар минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, устувор инфратузилма лойиҳаларига давлат ва хусусий инвестицияларни кенг жалб этиш, очиқ ва қоидаларга асосланган савдо тизимини ривожлантириш бўйича амалий ҳамкорликни изчил давом эттириш муҳимлигини қайд этди. Таъкидланганидек, мазкур йўналишлардаги саъй-ҳаракатлар Марказий Осиёда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, янги инвестициявий имкониятларни яратиш ва мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий интеграцияни янада чуқурлаштиришга хизмат қилади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА