Жадидларнинг миллат тақдирини ўзгартирган ғоялари
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгашида Ўқув, тадқиқот ва таҳлил маркази ташаббуси асосида “Жадидлар ҳақида ҳақиқатлар: миллат тақдирини ўзгартирган ғоялар” мавзусида тадбир ташкил этилди. Унда тарихчи олимлар Баҳром Ирзаев, Муслимбек Алижонов, партия вакиллари ва ёшлар иштирок этди.
Тадбирда олимлар жадидчилик ҳаракати, унинг тарихий аҳамияти, миллий уйғониш, маърифатпарварлик ва истиқлол ғояларини шакллантиришдаги ўрни ҳақида тўхталди. Бу борада олиб борилаётган илмий изланишлар, тарихий ҳақиқатларни бугунги ёш авлод вакилларига етказиш ва кенг тарғиб этиш масалаларига эътибор қаратди.

Баҳром Ирзаев жадидларнинг асосий бош ғояси озод ва обод, бирлашган Туркистон, Турон эканини таъкидлаб, улар томонидан ташкил этилган театрлар, газета ва мактаблар, кутубхоналар шу ном билан аталганини қайд этди. Ўша даврда Бухоронинг кичик ҳужралари, Самарқанд ва Тошкент мактабларида тор доирада муҳокама қилинган бу ғоя бугун дунёда кенг муҳокама қилинаётганини эътироф этди.

Жумладан, мамлакатимизда давлат раҳбари бошчилигида жадидчилик ҳаракати намояндаларининг миллат маърифатлилиги йўлидаги ҳаракатларини кенг ўрганиш, тадқиқ этиш, уларнинг номларини тиклаш ва оқлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга урғу берилди. Жадид боболаримизнинг миллат манфаати йўлидаги илғор ғоя ва қарашларидан бугун ҳам самарали фойдаланиш, уларнинг ватанпарварлигидан намуна олиш лозимлиги қайд этилди.
Тадбир давомида жадидларнинг миллат тақдирини ўзгартиришга қаратилган ғоя ва қарашлари ҳақида батафсил маълумотлар берилар экан, ўз навбатида, иштирокчиларнинг бу борадаги саволларига ҳам батафсил жавоблар қайтарилди.


Муҳтарама Комилова, ЎзА