Жадидлар – ватанпарварлик, миллат ва эрк куйчилари
Нaвоий гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизматчилар иштирокида Қатағон қурбонларини ёд этиш ҳафталиги доирасида “Жадидлар – ватанпарварлик, миллат ва эрк куйчилари” мавзусида маънавият соати ўтказилди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг асосий мақсадларидан бири юртимиз тараққиётини таъминлаш, инсон қадрини улуғлаш, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш ва жамиятда миллий қадриятларга асосланган юксак маънавий муҳитни шакллантиришдан иборат. Айниқса, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг тарихий хотираси ва миллий ўзлигини мустаҳкамлаш бугунги ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан биридир.

Тадбир давомида жадидчилик ҳаракатининг вужудга келиши, унинг халқимиз ҳаётида тутган ўрни ва тарихий аҳамияти ҳақида атрофлича маълумот берилди. Маърифатпарвар аждодларимизнинг илм-фан, таълим, маданият ва миллий тараққиёт йўлидаги саъй-ҳаракатлари алоҳида таъкидланди.
– Жадидлар ўз даврининг мураккаб шароитида халқни илм-маърифатга чорлаб, юрт тараққиётини таълим ва маънавият билан боғлади, – дейди Навоий давлат университети тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори Хуршид Қурбонов. – Уларнинг “миллат тараққиёти, аввало, маърифатли ва онгли авлод тарбиясига боғлиқ” деган мазмундаги ғоялари бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Ўзбекистонда таълим, илм-фан, ёшлар сиёсати, маънавият ва ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам ана шу эзгу мақсад – билимли, мустақил фикрлайдиган, Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшайдиган авлодни тарбиялашга қаратилган. Айниқса, ҳарбий хизматчиларнинг маънавий дунёқарашини юксалтириш, уларда Ватан ҳимоячиси деган юксак шараф ва масъулият туйғусини мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этади. Зеро, юрт тинчлиги ва осойишталигини асраш нафақат ҳарбий бурч, балки Ватан олдидаги юксак маънавий масъулият ҳамдир.

Давра суҳбатида жадид боболаримизнинг фидокорона ҳаёти, миллий уйғониш ва тараққиёт йўлидаги интилишлари бугунги авлод учун ибрат экани қайд этилди. Уларнинг илм, маърифат, ватанпарварлик ва миллий ўзликни англашга қаратилган ғоялари бугунги ислоҳотлар руҳи билан ҳамоҳанг экани таъкидланди.
Тадбир якунида иштирокчилар жадидлар мероси, тарихий хотира ва бугунги ислоҳотларнинг ўзаро узвий боғлиқлиги ҳақида фикр алмашдилар.
А.Бўриев, ЎзА мухбири