Изланувчан устозлар – сифатли таълим таянчи
ФОТОРЕПОРТАЖ
Янги Наманган туманидаги ихтисослаштирилган мактабда ўқувчиларга замонавий билим ва кўникмалар бериш, педагогларнинг касбий салоҳиятини ошириш ҳамда илғор тажрибаларни таълим жараёнига татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мактабда 11 йилдан буён фаолият юритаётган она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Гулшода Ҳакимова ана шундай изланувчан педагоглардан. У замонавий педагогик ёндашувларни амалиётга татбиқ этиб, дарсларни самарали ташкил этишга интилиб келмоқда.
Гулшода Ҳакимованинг “Усмон Носир ҳаётини бинар дарс усулида ўрганиш” мавзусидаги методик тавсияси республика миқёсида оммалаштирилган. У инглиз тилини ҳам ўрганиб, тегишли тил билиш сертификатига эга бўлган. 70 фоизлик устама олувчи педагог “Йил ўқитувчиси” танловида ғолиб бўлиб, 616 миллион сўмлик мукофот билан тақдирланган.
Устознинг 100 нафардан зиёд шогирди миллий сертификат соҳиби бўлган.
[gallery-31696]
Мактабда хорижий тилларни ўргатишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Инглиз тили фани ўқитувчиси Садия Аббосова раҳбарлик қилаётган “Таълим грантлари” тўгарагида 20 нафар қиз инглиз тилини чуқур ўрганмоқда. Улар халқаро лойиҳаларда иштирок этиш ва таълимий имкониятлардан фойдаланиш бўйича ҳам билим ва кўникмаларини оширмоқда.
Садия Аббосова ўтган ўқув йилида Қозоғистонда ташкил этилган халқаро ўқитувчилар тренингида иштирок этиб, турли мамлакатлардан келган 250 нафар ҳамкасби билан инглиз тилини ўқитишнинг замонавий методлари бўйича тажриба алмашган.
Педагогнинг саъй-ҳаракатлари самараси ўқувчилар натижасида ҳам намоён бўлмоқда. Бугунга қадар унинг 60 нафардан зиёд шогирди миллий ва халқаро тил билиш сертификатларини қўлга киритган.
Бу каби натижалар педагогларнинг касбий изланиши ва илғор тажрибаларни таълим жараёнига татбиқ этиши ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини оширишда муҳим аҳамият касб этишини кўрсатмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА