Ижтимоий кўмак оила ҳаётида янги имкониятлар эшигини очмоқда
Инсон қадрини улуғлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ишлаб, яшаши учун муносиб шароит яратиш Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан биридир. Президентимиз ташаббуси билан ижтимоий ҳимоя тизимида йўлга қўйилган янги механизмлар эса ҳар бир инсоннинг муаммосини манзилли ўрганиш, эҳтиёжини аниқлаш ва унинг ечимига комплекс ёндашиш имконини бермоқда.
Бухоро вилоятининг Вобкент туманидаги “Чўрикалон” маҳалла фуқаролар йиғиниида истиқомат қилувчи Дилрабо Абдуллаева оиласи ҳаётида юз берган ижобий ўзгаришлар бу борадаги ишлар самарасининг амалий ифодасидир.
Икки нафар фарзанднинг онаси бўлган Дилрабо Абдуллаева оиласи турмуш ўртоғининг саломатлиги билан боғлиқ муаммолар ва оилавий шароитдаги қийинчиликлар туфайли оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган эди. Оиланинг кундалик эҳтиёжларини таъминлаш, фарзандларини соғлом ва муносиб шароитда вояга етказиш учун нафақат моддий, балки ҳар томонлама кўмак зарур эди.
Маҳалла ижтимоий ходими Шаҳноза Эшонова томонидан оиланинг яшаш шароити, ижтимоий аҳволи ва мавжуд эҳтиёжлари атрофлича ўрганилди. Муаммоларни фақат бир марталик ёрдам билан ҳал этиб бўлмаслиги инобатга олиниб, оиланинг ҳаёт шароитини яхшилашга қаратилган манзилли чора-тадбирлар белгиланди.
Аввало, хонадон “Ижтимоий реестр”га давлат таъминотидаги оилалар тоифасига киритилиб, фарзандлар учун болалар нафақаси тайинланди. “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан озиқ-овқат ва кийим-кечак харид қилиш учун моддий ёрдам ажратилди. “Нуронийлар” жамғармаси кўмагида хонадонга стол-стуллар ҳамда болалар учун зарур ўқув қуроллари етказиб берилди.
Эътиборлиси, амалий ёрдамлар оиланинг бугунги эҳтиёжларини қондириш билангина чекланмади. Унинг келгусидаги турмуш шароитини яхшилашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ҳомийлар кўмагида хонадонга 5 киловатт қувватга эга қуёш панели ўрнатилди. Уй-жойни таъмирлаш учун “Саховат ва кўмак” жамғармасидан шлакоблок ажратилди. Ҳомийлик маблағлари ҳисобига эса оила учун алоҳида ошхона қуриб берилди.

Куз-қиш мавсумини қийинчиликсиз ўтказиш мақсадида оилага бир марталик моддий ёрдам ҳам кўрсатилди. Шунингдек, энг катта эътибор оиланинг эртаси, яъни фарзандлар — Диана ва Имронбекнинг саломатлиги ҳамда таълим-тарбиясига қаратилди. Ҳомийлар кўмагида болалар зарур даволаниш курсларидан ўтказилди. Уларни мактабгача таълим билан қамраб олиш мақсадида боғчага имтиёзли асосда жойлаштириш чоралари кўрилди.
Аслида, бу ишлар замирида муҳим бир ҳақиқат мужассам: ижтимоий ҳимоянинг ҳақиқий самараси ажратилган ёрдам миқдори билан эмас, балки инсон ҳаётида юз берган ижобий ўзгаришлар билан ўлчанади. Оилага нафақа тайинлаш унинг бугунги эҳтиёжларини қўллаб-қувватласа, уй-жой шароитини яхшилаш, энергия таъминотига қулайлик яратиш, фарзандлар саломатлиги ва таълимига эътибор қаратиш эртанги кун учун мустаҳкам замин яратади.
Дилрабо Абдуллаева хонадонида амалга оширилган ишлар ҳам давлат идоралари, маҳалла институти, ижтимоий ходимлар, жамғармалар ва ҳомийлар ўртасидаги ҳамкорликнинг нақадар муҳимлигини кўрсатади. Энг муҳими, бу жараёнда оиланинг ҳар бир эҳтиёжи алоҳида ўрганилиб, муаммоларни босқичма-босқич бартараф этишга эришилмоқда.
Зеро, ижтимоий ҳимоянинг моҳияти инсонни қийин вазиятда ёлғиз қолдирмаслик, унга нафақат бугунги муаммоларини енгишда, балки келажагини ишонч билан қуришда ҳам кўмаклашишдир. Маҳаллаларда амалга оширилаётган ана шундай эзгу ишлар инсон қадрини улуғлашга қаратилган ислоҳотлар ҳаётда аниқ натижалар бераётганининг ёрқин намунасидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири