Ижтимоий-иқтисодий дастурлар таҳлили
Наманган вилоятида 2014 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот 10,3 фоиз ўсди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 12,5, қишлоқ хўжалиги 8,5, капитал қўйилмалар 34,3, қурилиш ишлари 11 фоиз ошиб, иқтисодиётнинг барча тармоқларида барқарор ўсиш суръатлари таъминланди.
Наманган вилоятида 2014 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот 10,3 фоиз ўсди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 12,5, қишлоқ хўжалиги 8,5, капитал қўйилмалар 34,3, қурилиш ишлари 11 фоиз ошиб, иқтисодиётнинг барча тармоқларида барқарор ўсиш суръатлари таъминланди.Бу ҳақда вилоят ҳокими Б.Юсупов бошқарган 2014 йил якунлари ва 2015 йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишларига бағишланган фаоллар йиғилишида маълум қилинди.
Йиғилишда асосий эътибор Президентимиз Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида белгиланган вазифалар ижросига қаратилди.
Ҳисобот даврида барча манбалар ҳисобидан қарийб 1,6 триллион сўмдан ортиқ инвестициялар ўзлаштирилиб, 2013 йилга нисбатан 4,3 фоизга ўсиши таъминланди. Шу даврда 928,3 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди. Ҳудудий инвестиция дастури доирасида 18 лойиҳа бўйича 16,5 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестициялар жалб этилди.
Вилоятда 112 миллион долларликдан зиёд маҳсулот экспорт қилинган. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида Чехия, Бразилия, Финляндия, Малайзия, Миср, Дания каби мамлакатларга маҳсулотлар экспорти йўлга қўйилди. Экспорт географияси кенгайгани самарасида бугун вилоятда тайёрланаётган маҳсулотлар дунёнинг 67 давлатида сотилмоқда. Экспортчи корхоналар сафига 39 янги корхона қўшилиб, уларнинг сони 148 тага етди.
Янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш билан бирга, мавжуд қувватларни ошириш мақсадида корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада 180 корхонада умумий қиймати 87,6 миллиард сўмлик лойиҳалар амалга оширилиб, 4 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳам ўз самарасини бераётир. Вилоятда сўнгги 5 йилда 10 мингга яқин янги кичик бизнес субъекти ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 15 мингдан ошгани фикримизни тасдиқлайди.
Фаоллар йиғилишида йўл қўйилган айрим камчиликлар ҳам таҳлил этилди ва бу борада вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, шаҳар, туман ҳокимлари, тегишли мутасаддиларнинг ҳисоботлари тингланди.
Йиғилишда иқтисодиёт тармоқларида ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва технологик янгилаш, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш, 2015-2016 йилларда давлат мулкини хусусийлаштиришга доир янги дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда 2015 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Наманган вилояти фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Икромов сўзга чиқди.