Ижтимоий ҳимоя инсон қадрини юксалтиришга хизмат қилмоқда
Қашқадарё вилоятининг Нишон туманида ижтимоий ҳимоя тизими орқали эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда.
Нишон туманининг Пахтаобод маҳалласида 2024 йил апрель ойидан буён ижтимоий ходим сифатида фаолият юритаётган Нигора Сапарова маҳалладаги аҳолининг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш, эҳтиёжманд оилаларга манзилли хизмат кўрсатиш билан шуғулланиб келмоқда.
5,5 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган, учта қишлоқни ўз ичига олган маҳаллада ўтган давр мобайнида 86 та оила бўйича “Ижтимоий иш” очилиб, ҳар бири учун индивидуал режалар ишлаб чиқилди ҳамда шу асосда ижтимоий хизматлар кўрсатилмоқда.

Шулардан бири I гуруҳ ногиронлиги бўлган 41 ёшли Хурсаной Турдиевага кўрсатилган амалий ёрдамдир. Ижтимоий ходим томонидан фуқаронинг яшаш шароити ўрганилиб, унинг эркин ҳаракатланиши учун сайрга мўлжалланган ногиронлик аравачаси ажратилди. Шунингдек, “Саховат ва кўмак” жамғармаси орқали озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.

Бундан ташқари, “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида фуқаро уйда парваришлаш хизмати билан қамраб олиниб, келини қаровчи сифатида бириктирилди. Айни пайтда унга ҳам белгиланган тартибда моддий кўмак кўрсатилмоқда.

Мамлакатимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизими тобора такомиллаштирилиб, эҳтиёжманд инсонларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда маҳаллаларда фаолият юритаётган ижтимоий ходимларнинг ўрни муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири