Ижтимоий ҳимоя: аёллар турли касбларга ўқитилади
Андижонда ижтимоий ҳимояга муҳтож, ўз имкониятларини рўёбга чиқариш ва доимий даромад манбаига эга бўлиш истагидаги хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган “Хотин-қизлар бандлиги ва ривожланиш маркази” лойиҳасининг бошланишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Халқ депутатлари туман, шаҳар кенгашлари депутатлари, оила ва хотин-қизлар бўлимлари мутахассислари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда сўз олган халқ депутатлари вилоят кенгаши котибияти мудири Насибахон Тўйчиева юртимизда хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, доимий даромад манбаини шакллантириш борасида олиб борилаётган ишлар, шунингдек, мазкур лойиҳанинг аҳамияти ҳақида гапирди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг молиявий кўмаги асосида, “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан амалга ошириладиган мазкур лойиҳада хотин-қизлар учун хавфсиз ва қулай муҳит яратиш, уларга касб-ҳунар ўргатиш, бандлигини таъминлаш ҳамда ўз даромад манбаини шакллантиришига кўмаклашадиган, бепул таълим ва амалий ёрдам кўрсатадиган марказ ташкил этилади.


Лойиҳа ижрочиси, “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Дилфуза Ишанова лойиҳа доирасида хотин-қизларга яратиладиган имкониятлар, уларни касбга ўқитиш, бандлигини таъминлаш ҳамда ҳуқуқий ва психологик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш масалалари хусусида сўз юритди.
Шунингдек, тадбирда Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг Андижон вилояти бўлинмаси раҳбари Зарифахон Аҳмедова иштирокчиларга Жамоат фонди томонидан ажратиладиган грант, ижтимоий буюртма ва субсидия маблағлари тўғрисида маълумотлар берди.
Жумладан, фонд томонидан жорий йилда вилоятдаги ННТлар ва фуқаролик жамияти институтларининг ижтимоий аҳамиятга эга 2 миллиард 750 миллион сўмлик қатор лойиҳалари грант, ижтимоий буюртма шаклида молиялаштирилганлигини айтиб ўтди.


Марказда хотин-қизларни замонавий ва талаб юқори бўлган касбларга бепул ўқитиш, бандлигини таъминлашга қаратилган ишлар олиб борилади.
Тадбирда лойиҳа ижрочисига тегишли сертификат топширилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири