Давлатимиз раҳбарининг “Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолиятига рақамлаштиришни кенг жорий этиш ҳисобига бошқарув штат бирликлари сонини мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Фармондан кўзланган мақсад республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини таъминлаш ҳамда бошқарув харажатларини қисқартиришдан иборат.
2025 йил 1 ноябрдан республика ижро этувчи ҳокимият органларининг мақбуллаштириладиган бошқарув штат бирликлари сони тасдиқланди.
Республика ижро этувчи ҳокимият органлари соҳага оид бўлмаган вазифаларнинг қисқартирилиши ва фаолиятига рақамли технологияларнинг жорий этилишини таъминлайди.
Шу билан бирга, маълумотларни қайта ишлаш ҳамда сунъий интеллектга асосланган лойиҳаларни ишга тушириш учун техник инфратузилма яратади. Ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларида мазкур йўналишдаги устувор лойиҳалар амалга оширилади. Сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш бўйича аҳолининг билим ва кўникмалари оширилади. Кадрлар салоҳияти ривожлантирилиши таъминлаб борилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА