Ижодий танловларнинг ғолиблари аниқланди
Пойтахтимизда “Турон” мактаб театри ва “Иқтидор” мактаб ансамбли танловларининг тантанали тақдирлаш тадбири бўлиб ўтди.
“Турон” мактаб театри ва “Иқтидор” мактаб ансамбли танловлари ёшларнинг ижодий салоҳиятини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг истеъдод қирраларини кашф этиш, ўқувчиларнинг таълимдан бўш вақтларини самарали ва мазмунли ташкил этишдек мақсадларга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Ижодий танловлар ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбирда мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова, вазир ўринбосарлари, Республика “Келажак” маркази директори Индира Холдорова ва масъуллар иштирок этди ҳамда ғолибларни табриклади.

Якуний натижаларга кўра, “Иқтидор” мактаб ансамбли танловида Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳар 14-мактабнинг “Наво” жамоаси 1-ўринга муносиб топилди. Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл тумани 1-мактабнинг “Ниҳол” жамоаси 2-ўрин, Наманган шаҳри 31-мактабнинг “Шодиёна” жамоаси 3-ўринни қўлга киритди.

“Турон” мактаб театри танловида эса Самарқанд шаҳри 80-мактабнинг “Турон” жамоаси 1-ўринга лойиқ топилди. Бухоро вилояти, Когон шаҳри 3-мактабнинг “Элегант” жамоаси 2-ўрин, Қорақалпоғистон Республикаси, Кегейли тумани 55-мактабнинг “Тан нури” жамоаси 3-ўринни эгаллади.
Ғолиб жамоалар хорижга таълим саёҳати йўлланмасини қўлга киритди.
Н.Усмонова, ЎзА