Избоскан туманида Оила ва хотин-қизлар маскани иш бошлади
Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз беш йиллик байрами арафасида Избоскан тумани марказида ташкил этилган Оила ва хотин-қизлар маскани ўз фаолиятини бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифи чоғида вилоятнинг туман, шаҳарларида “Оила ва хотин-қизлар маскан”ларини барпо этиш, фаолиятини самарали йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берган эди.
Ана шу топшириқ ижроси доирасида Избоскан туманида ташкил этилган маскан очилишида Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Нигорахон Юнусова, Избоскан тумани ҳокими Аброрбек Аҳмадалиев, туман, шаҳар ҳокимлари ўринбосарлари, оила ва хотин-қизлар бўлимлари раҳбарлари, маҳалларда фаолият олиб бораётган хотин-қизлар фаоллари, ҳамкор ташкилотлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўз олганлар томонидан Президентимиз ташаббуси билан юртимизда хотин-қизлар, уларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, турмуш фаровонлигини юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги таъкидланди. Хусусан, “Оила ва хотин-қизлар маскани”нинг ташкил этилиши туманда оилалар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва манзилли кўмак кўрсатиш йўлидаги муҳим қадам эканлиги қайд этилди.
Янги ташкил этилган масканда оилаларни мустаҳкамлаш, оилавий қадриятларни асраб-авайлаш, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, касбга йўналтириш, опа-сингилларимизга турли масалаларда маслаҳатлар бериш, кўмаклашиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда ижтимоий-иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ишлар амалга оширилади.


Хотин-қизлар учун ўқув курслари, маслаҳат маркази, спорт зали ва бошқа қатор йўналишлардаги фаолиятлар йўлга қўйиладиган ушбу маскан туманда оила ва хотин-қизлар йўналишидаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Тадбир доирасида хотин-қизлар томонидан тайёрланган ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири