Ихтисослашув — самарадорлик асоси
2023 йил — Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили
Мамлакатимизда таълимни ислоҳ қилиш, бугунги кун талаблари даражасида таълим-тарбия жараёнларини ташкил этиш борасида қатор янгиликлар амалга оширилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад камол топаётган ёш авлодни хорижлик тенгдошлари билан рақобатга киришоладиган, салоҳиятли ёшлар сифатида вояга етказишдан иборат.
Давлатимиз раҳбари ҳам юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мезони таълим-тарбияга қаратилишини таъкидлаб, “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” дея алоҳида қайд этиб ўтган эди. Ушбу фикрлар, белгиланган режалар асосида соҳада туб ўзгаришлар олиб борилмоқда. Жумладан, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тасарруфидаги мактабларнинг ташкил этилиши ҳам ушбу йўналишдаги ижобий ўзгаришлардан бири, десак адашмаган бўламиз. Чунки, ҳар бир туман ва шаҳарда аниқ ва табиий фанларга ихтисослаштирилган мактабларнинг ташкил этилиши иқтидорли ўқувчиларни саралаб, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқаришда муҳим ўрин тутади.
[gallery-10832]
Самарқанд шаҳар 1-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернати ҳам ушбу йўналишда самарали фаолият юритаётган таълим муассасаларидан бири. Айни пайтда мазкур мактаб-интернатида 252 нафар ўғил-қиз ўзи танлаган йўналишлар бўйича таҳсил олмоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, уларнинг ихтисослик фанлари бўйича белгиланган таълим дастурлари Кембриж университети таълим тизимига асосан тузилган.
- Одатда кўпчилик оддий мактаб билан ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг фарқи нимада, деган савол билан мурожаат қилади, - дейди муассаса директори Ҳамид Тўраев. - Биринчи фарқи, бизда ихтисослаштирилган фанларга умумий ўрта таълим мактабларига нисбатан кўпроқ дарс соатлари ажратилади. Шунингдек, ихтисослик фанлари бўйича ҳар куни дарсдан кейин қўшимча тўгараклар ўтказилади. Бунга ўқувчилар қатнашиши мажбурий. Бундан ташқари, ҳафта давомида қолган фанлар бўйича ҳам қўшимча тўгараклар белгиланган. Фақат уларда ўқувчи ўзи танлаган фан тўгарагига қатнашиш ҳуқуқига эга. Аммо ҳар куни биттасига қатнашиши шарт. Муассасамизда, умуман ихтисослаштирилган таълим муассасаларида баҳолаш тизими умумий ўрта таълим мактабларидан анчагина фарқ қилади. Бизда ўқувчилар кунлик эмас, фанларни боблар бўйича сумматив баҳолаш, чораклик бўйича сумматив баҳолаш тизими орқали баҳоланади. Бунга ўқитувчи томонидан қўшимча ўн фоизлик баҳо ҳам қўшилади. Шунингдек, Агентлик томонидан ҳар чоракда хорижий тажрибага мувофиқ ихтисослик фанлари бўйича тест синовлари ўтказилади. Ушбу кўрсаткичлар асосида ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражаси доимий назорат қилиб борилади. Ўзлаштиришда ортда қолаётган ўқувчилар билан ўқитувчилар алоҳида ишлайди.
Мактаб-интернат ўқувчилари учун фан тўгаракларидан ташқари ҳафтада бир марта робототехника курси ташкил қилинган. Хорижий тажрибага эга мутахассис томонидан ўтказиладиган машғулотлар ўқувчиларнинг энг севимли тўгаракларидан бирига айланган. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги таълим муассасаларида инглиз тилидан ташқари иккинчи хорижий тил ўқитилиши йўлга қўйилган. Мактаб-интернат маъмуриятининг маълум қилишича, бугунги кун талабидан келиб чиқиб, иккинчи тил сифатида хитой, япон ва корейс тиллари танланган. Ҳар бир муассаса жамоаси, ота-оналар ва ўқувчилар ўзаро келишган ҳолда ушбу тиллардан бирини иккинчи тил сифатида танлаш имкониятига эга.
Самарқанд шаҳар 1-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернатида иккинчи тил сифатида хитой тили ўргатилмоқда.
Ушбу таълим муассасаси битирувчилари мактабдан икки тилни ўрганиб чиқади. Физика-математикани, кимё-биологияни чуқур ўзлаштирган, икки хорижий тилни ўрганган, умумтаълим фанлари бўйича етарли билим олган ўқувчилар, албатта, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган кадрлар бўлиб етишиши шубҳасиз.
Алишер ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА