Ихтисослаштирилган тиббий хизматлар ривожланмоқда
Журналистлар уйида Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Бобур Тешаев иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Вилоятда ихтисослаштирилган тиббий хизматни ташкил этиш мавзусига бағишланган тадбирда мамлакатимизда ихтисослаштирилган тиббий хизматларни янада такомиллаштириш борасида бир қатор тадбирлар амалга оширила1тгани таъкидланди.
Айни пайтда вилоятда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази каби ўндан ортиқ республика илмий-амалий марказларининг вилоят филиаллари фаолият юритмоқда.
[gallery-13218]
Воҳада ихтисослаштирилган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий маркази Қашқадарё филиалида юқори технологик кардиожарроҳлик амалиётлари тури ва сони йилдан-йилга кўпаймоқда. Масалан, 2022 йилнинг дастлабки ярим йиллигида 448 ёпиқ турдаги юқори технологияли кардиожарроҳлик амалиёти ўтказилган бўлса, бу кўрсаткич жорий йилнинг дастлабки ярим йиллигида 1013 тани ташкил этди. Бу ерда 2023 йилнинг дастлабки ярмида хорижлик малакали мутахассислар иштирокида жами 59 маҳорат дарси тарзидаги мураккаб жарроҳлик амалиёти муваффақиятли бажарилди.
Таъкидлаш лозимки, жорий йил давомида вилоятда ихтисослаштирилган тиббий хизматларни янада ривожлантирган ҳолда амалга оширилган юқори технологияли операциялар сонини 2 мингдан ошириш кутилмоқда. Энг муҳими, бундай амалиётлар энди вилоят марказидан олис туманларга ҳам кўчмоқда.
Матбуот анжуманида журналист ва блогерларни ўзларини қизиқтирган саволларга бошқарма бошлиғидан батафсил жавоб олди.
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.