IV Осиё PGPR халқаро анжумани
Ўзбекистон Миллий университетида жорий йилнинг 18-22 август кунлари “Барқарор қишлоқ хўжалиги” мавзусида ўтказилиши режалаштирилган навбатдаги “IV Осиё PGPR халқаро анжумани” ўз ишини бошлади.
Ўзбекистон Миллий университетида жорий йилнинг 18-22 август кунлари “Барқарор қишлоқ хўжалиги” мавзусида ўтказилиши режалаштирилган навбатдаги “IV Осиё PGPR халқаро анжумани” ўз ишини бошлади.
Мазкур анжуман Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва Сув хўжалиги вазирликлари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши уюшмаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Миллий университети ҳамда “Ecobiome” MChJ ташаббуси остида ўтказилмоқда.
Халқаро конференциянинг вазифаларидан бири Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигида ўсимликларнинг турли хил касалликларига қарши самарали ва инновацион тарзда ишлаб чиқарилган сўнги авлод биоўғитларидан фойдаланишнинг янги усулини Республика миқёсида тадқиқ қилишдир.
Шунингдек, биологик ўғитлар ва биофунгицид технологияларини ривожлантириш орқали етиштирилган кимёвий ўғитлардан холи, тоза ва органик мева ва сабзавотларнинг экспортбоп навларини етиштириш каби масалалар кўриб чиқилади. Анжуман 200 дан зиёд чет эллик ва 100 дан ортиқ маҳаллий қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритиб келаётган профессор ва олимлар делегациялари, доимий хомий корпорациялар, юртимиздаги қишлоқ хўжалиги соҳаси раҳбарлари ҳамда вакиллари иштирокида бўлиб ўтмоқда.

Халқаро анжуманни ташкил этишда етакчилик қилган, 26 йил муқаддам ЎзМУнинг биология факультетини тамомлаган Дилфуза Эгамбердиева (ҳозирда Хитой халқ республикасининг Экология ва география институтида фаолият юритади) халқаро конференция ҳақида ўз фикрларини билдирди.
– Илмий фаолият юзасидан йигирма йил мобайнида 60 дан ортиқ давлатларда конференцияларда бўлиб маърузалар қилганман. Энг катта орзуим Ватаним Ўзбекистонда ҳам дунё миқёсидаги шундай халқаро конференциялар ташкил этилса, дер эдим. Ҳозир бунинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Бугунги конференцияда биология соҳаси бўйича АҚШ, Индонезия, Малайзия, Канада, Европа иттифоқи, Хитой, Япония каби қатор мамлакатлар вакиллари иштирок этишмоқда. Олиб борилаётган ишларимизни дунё эътироф этаётганидан жуда мамнунман. Ўзбекистонда ҳам илмни ишлаб чиқаришга татбиқ этишга катта аҳамият бериляпти. Ва бизнинг мақсадимиз илмий ишларни фирмаларга, саноатга йўналтириш ҳамда ўзимизга ҳамкорларни топиш. Мамлакатимизда илмни янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистонга қайтдим ва 2018 йилда “Ecobiome” MChJ ташкил этдик. Фирманинг фаолиятини олиб боришда хориж андозаларига таяндик. Сабаби хорижда илмий ишлар давлат бюджети ҳисобига эмас, балки йирик фирмалар сарфлаган молиявий харажатлар эвазига амалга оширилади. Таянч докторантура ва докторантурада илмий фаолиятини юритаётган тадқиқотчилар фирмаларнинг лабораторияларида ихтиролар, технологиялар, янги қўлланмалар яратиб фирмаларга катта даромад келтиради. Мақсад фақат фойда олиш эмас. Юртимизда оналар ва болалар орасида саратон касалликлари, юқумли касалликлар авж олган. Буларнинг сабаби кимёвий воситаларнинг ҳаддан ортиқ ишлатилишида. Вазифамиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда кимёвий воситалардан эмас, биологик ўғитлар ва биофунгицид технологиялардан фойдаланиб экологик тоза маҳсулот ишлаб чиқаришдан иборат.
Шунингдек, конференцияда Ўзбекистон Миллий университети билан “Биотех” марказини ташкил этиш режалаштирилди. Ушбу марказда ўзбек ва хориж олимларининг тажриба алмашишига янада кенг имкон яратилади.
– Хитой халқ республикасининг Шинжонь Экология ва география институтида фаолият олиб бораман ва анжуманда илк бор иштирок этяпман, – деди конференция иштирокчи ассистент-профессор Бозоров Тоҳир. – Конференция қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда етакчи йўналишларни очиб беради. Бугунги илмий майдонда йиғилган мутахассислар иштирокчиларга илмий ва амалий аҳамиятга эга бўлган маълумотларни бериб, ўзаро фикр алмашишади. Эътиборлиси шундаки, Шинжонь институти ва ЎзМУ биология факультети билан ҳамкорликда қўшма лаборатория ташкил этилиши кўзда тутилган. Конференцияда “Бактерияларнинг антогоник хусусияти ва уларнинг замбуруғларга қарши кураши” мавзуида маъруза қиламан, – дея сўзига якун ясади.

