Италияда ўзгариб бораётган жаҳон тартибида Марказий Осиёнинг янги роли муҳокама қилинди
17–19 сентябрь кунлари Италиянинг Каденаббия шаҳрида Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Сиёсат, иқтисодиёт ва санъат соҳасидаги халқаро учрашувлар марказида “Глобал ўзгаришлар шароитида Марказий Осиё: ўз стратегиялари, минтақавий хавфсизлик ва янги ҳамкорликни шакллантириш” мавзусидаги халқаро экспертлар учрашуви бўлиб ўтмоқда.
Унда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон делегациялари иштирок этмоқда. Делегациялар таркибидан парламентлар, ташқи сиёсат идоралари, эксперт ва медиа ҳамжамиятлари вакиллари ўрин олган.
Муҳокамаларда халқаро тартиботнинг ўзгариши ва Марказий Осиёнинг тобора ортиб бораётган ролига асосий эътибор қаратилди. Иштирокчилар ишонч ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, савдо-сотиқни, транспорт ҳамда сув-энергетика соҳаларидаги ўзаро боғлиқликни ривожлантириш умумий тараққиёт маконини шакллантиришга хизмат қилиши, минтақанинг субъектлиги, барқарорлиги ва стратегик автономиясини мустаҳкамлашини таъкидладилар.
“Марказий Осиё Евроосиё боғлиқлигининг шаклланаётган маркази сифатида” мавзусидаги тақдимот билан сўзга чиққан СМТИ директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов глобал қиймат занжирлари қайта шаклланаётган шароитда минтақанинг янги геоиқтисодий ўрни ҳақидаги қарашларини баён этди.

У Марказий Осиёда юз бераётган ўзгаришлар — ишонч, яхши қўшничилик, ўзаро боғлиқлик ва минтақавий субъектликнинг мустаҳкамланиши Президент Шавкат Мирзиёев томонидан белгиланган стратегик йўналишни тўлиқ акс эттиришини таъкидлади. Давлатимиз раҳбари фаолиятининг дастлабки йиллариданоқ Марказий Осиё Ўзбекистон ташқи сиёсатининг бош устувор йўналиши этиб белгиланди. Қўшни давлатлар билан муносабатлар замирига очиқ мулоқот, ўзаро ҳурмат, оқилона муроса ва ечимларни биргаликда излаш тамойиллари қўйилди. Бундай ёндашув минтақада янги сиёсий муҳитни шакллантирган асосий омиллардан бирига айланди.
Бугунги кунда минтақа тобора кўпроқ географик жиҳатдан олис ҳудуд сифатида эмас, балки транспорт боғлиқлиги, муҳим минерал ресурслар, “яшил” энергетика, саноат ишлаб чиқариши, рақамлаштириш ва кенгайиб бораётган ички бозор макони сифатида қабул қилинмоқда.
Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётининг умумий ҳажми 2026 йилда илк бор 600 миллиард доллардан ошиши мумкин. Саноат йилига қарийб 6 фоизга ўсмоқда, аҳоли сони 85 миллион кишига яқинлашмоқда, аҳолининг қарийб ярмини эса 27 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Ушбу кўрсаткичлар минтақанинг ишлаб чиқариш, меҳнат ва истеъмол салоҳияти тобора ортиб бораётганидан далолат беради.
“Марказий Осиё энди Евроосиёнинг энг йирик бозорлари ўртасида жойлашган оддий ҳудуд эмас. У мазкур бозорларни ўзаро боғлаш ва айни пайтда ўз қўшилган қийматини яратишга қодир мустақил иқтисодий марказга босқичма-босқич айланмоқда”, — деди А.Неъматов.
Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда минтақанинг айнан шундай трансформациялашувини Президент Шавкат Мирзиёев изчил илгари сурмоқда. Давлатимиз раҳбари ўзаро савдо, саноат кооперацияси ва транспорт йўлакларини ривожлантириш, шунингдек, янги иқтисодий имкониятларнинг умумий маконини яратиш ташаббусларини илгари суриб келмоқда.
Шу нуқтаи назардан, СМТИ вакили БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2026 йил май ойида қабул қилинган “Марказий Осиё минтақасида барқарор ривожланишни таъминлаш мақсадида минтақавий ҳамкорлик ва иқтисодий интеграцияни мустаҳкамлаш” номли махсус резолюцияга алоҳида тўхталди. Ушбу ҳужжатни ишлаб чиқиш ташаббуси Ўзбекистон Президенти томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида илгари сурилган ва халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланган. Минтақанинг барча давлатларини ўз ичига олган 66 та мамлакат резолюцияга ҳаммуаллиф бўлган.
Экспертнинг фикрича, резолюциянинг алоҳида аҳамияти шундаки, у нафақат иқтисодий интеграцияни янада чуқурлаштиришни қўллаб-қувватлайди, балки БМТ тизимидаги тузилмаларни минтақанинг устувор йўналишларига мувофиқ инновацияларни ривожлантириш, иш ўринлари яратиш ва барқарор ўсишга кўмаклашишга чақиради.
“Моҳиятан, жаҳон ҳамжамияти Марказий Осиёни ўзаро боғланган, иқтисодий жиҳатдан барқарор ва ўз кун тартибини мустақил равишда шакллантирадиган тараққиёт маконига айлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлади”, — деди у.
Марказий Осиёнинг транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлигини кенгайтириш ва ташқи йўналишларини диверсификация қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Энг жадал ривожланаётган йўналишлардан бири Ўрта йўлак бўлиб, сўнгги йилларда ушбу йўналиш орқали ташилган юклар ҳажми қарийб 1,5 миллион тоннадан 4 миллион тоннадан зиёдга, контейнерлар оқими эса 33 мингдан 77 минг ТЕУга — йигирма футлик контейнер эквивалентигача ошди. Шу билан бирга, йилига 15 миллион тоннагача юк ўтказиш имкониятига эга бўлиши кутилаётган Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли қурилиши илгари сурилмоқда ҳамда жанубий йўналиш ривожлантирилмоқда.
А.Неъматов фақат транзит вазифаси билан чекланиб қолмаслик зарурлигига эътибор қаратди. “Агар контейнер минтақа ҳудудидан шунчаки ўтиб кетса, мамлакатларимиз учун иқтисодий самара транспорт тарифидан олинадиган даромад билан чекланади. Йўлаклар бўйлаб саноат корхоналари ва логистика марказлари ташкил этилиб, қайта ишлаш, сервис, молиявий ва рақамли хизматлар ривожлантирилгандагина анча юқори самара юзага келади. Минтақа қўшилган қиймат яратиладиган марказга айланиши лозим”, — деди у.
Унинг сўзларига кўра, мазкур ёндашув Марказий Осиёнинг халқаро ҳамкорлар билан келгусидаги муносабатлари асосини ташкил этиши зарур. Гап нафақат ускуналар ва капитал импорти, балки технологиялар ва муҳандислик компетенцияларини трансфер қилиш, қўшма корхоналар ташкил этиш, кадрлар тайёрлаш ҳамда Марказий Осиё ишлаб чиқарувчиларини глобал қиймат занжирларига жалб этиш ҳақида бормоқда.
Марказий Осиёнинг стратегик автономияси ҳақида сўз юритар экан, А.Неъматов бу ташқи дунёдан узоқлашишни англатмаслигини таъкидлади. “Бу халқаро иқтисодиётга имкон қадар чуқур интеграциялашиш, шериклик ва ҳамкорлик имкониятларини кенгайтириш, янги бозорлар, йўналишлар, инвестициялар ва технологиялар манбаларини ривожлантириш ҳамда шу орқали минтақа барқарорлигини мустаҳкамлаб, мустақил танлов учун имкониятларни кенгайтириш қобилиятидир”, — деди у.
Экспертнинг баҳосига кўра, жаҳон тизимининг парчаланиши ва халқаро иқтисодий алоқалар қайта шаклланаётган шароитда Марказий Осиё маҳсулот ишлаб чиқарадиган, уни қайта ишлайдиган ва қўшилган қиймат яратадиган глобал қиймат занжирларининг фаол бўғинига айланиш имкониятига эга.
Минтақавий интеграциянинг парламент ўлчовига бағишланган алоҳида сессияда СМТИ етакчи илмий ходими Шаҳло Ҳамрахожayeва маъруза қилди. Унинг таъкидлашича, Марказий Осиё аллақачон муҳим натижаларга эришди: сиёсий ишонч сезиларли даражада мустаҳкамланди, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларининг кенг тармоғи шаклланди, савдо, инвестициялар ва транспорт боғлиқлиги кенгайди. Навбатдаги вазифа эришилган яқинлашувга барқарор ва ортга қайтмас тус беришдан иборат.

Ш.Ҳамрахожева минтақавий ҳамкорликни фақат битимлар сони, савдо ҳажми ва инфратузилма лойиҳалари миқдори билан эмас, балки унинг натижалари оддий инсон ҳаётида қай даражада намоён бўлаётгани билан ҳам баҳолаш зарурлигини қайд этди. Яъни янги иш ўринлари яратиляптими, чегараларни кесиб ўтиш, тадбиркорлик билан шуғулланиш, таълим ва тиббий хизматлардан фойдаланиш осонлашяптими, чегараолди ҳудудларидаги ҳаёт яхшиланяптими — ана шу мезонлар муҳимдир.
Шу муносабат билан у парламентларнинг халқ вакиллиги, назорат ҳамда давлат ва жамият ўртасидаги доимий мулоқотни таъминловчи институтлар сифатидаги ролини алоҳида таъкидлади.
СМТИ эксперти парламентларнинг барқарор ва ижтимоий ривожланишни таъминлашдаги ролини ошириш Президент Шавкат Мирзиёевнинг халқаро ташаббусларидаги устувор йўналишлардан бири эканини ҳам қайд этди. Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси 2022 йилда парламентларнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришдаги ролини кучайтириш тўғрисидаги резолюцияни, 2026 йил июль ойида эса 167 та давлат томонидан қўллаб-қувватланган, парламентларнинг ижтимоий тараққиётни жадаллаштиришдаги ролини оширишга қаратилган янги резолюцияни қабул қилди.
Унинг сўзларига кўра, Марказий Осиёда парламентлараро ҳамкорлик учун зарур инфратузилма аллақачон яратилган. Шу сабабли асосий эътиборни мавжуд механизмларни амалий мазмун билан бойитишга қаратиш лозим. Хусусан, ижтимоий йўналтирилган минтақавий кун тартибини кучайтириш, эришилган келишувлар ижроси устидан парламент назоратини таъминлаш, савдо, транспорт, таълим, меҳнат мобиллиги ва тадбиркорлик йўлидаги ҳуқуқий тўсиқларни бартараф этиш назарда тутилмоқда.
Эксперт навбатдаги қадам сифатида доимий фаолият юритувчи парламентлараро мувофиқлаштирувчи органни ташкил этиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф этди. Унинг вазифалари қаторига минтақавий келишувлар ижросини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий самарасини баҳолаш, қўшма эшитувлар ўтказиш ҳамда фуқаролар манфаатларига бевосита дахлдор масалаларни ҳал этишга кўмаклашиш кириши мумкин.
Унинг фикрича, бундай формат минтақавий сиёсатнинг барқарорлигини мустаҳкамлаш, давлатлар раҳбарлари даражасида эришилган қарорларни изчил амалга ошириш, шунингдек, яқинлашув жараёнининг давомийлиги ва жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланишини таъминлашга хизмат қилади.
Ўтказилган муҳокамалар Марказий Осиё давлатлари вакилларининг халқаро жараёнлар ва минтақанинг келажагини баҳолаш борасидаги ёндашувлари муштарак эканини кўрсатди. Марказий Осиё субъектлигини янада мустаҳкамлаш ишонч ва яхши қўшничилик муҳитини сақлаш, иқтисодий ўзаро боғлиқлик ва транспорт алоқаларини ривожлантириш, жамоатчилик ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш ҳамда позицияларни янада яқин мувофиқлаштириш билан бевосита боғлиқ экани борасида якдил фикр билдирилди.
Иштирокчилар минтақанинг имкониятларини кенгайтирадиган, унинг барқарорлиги ва мустақиллигини мустаҳкамлайдиган очиқ ва диверсификациялашган ҳамкорлик модели муҳимлигини ҳам таъкидладилар. Европалик ҳамкорлар Марказий Осиё давлатлари иштирокида транспорт боғлиқлиги, саноат кооперацияси, инсон капитали ва барқарор ишлаб чиқариш занжирларини ривожлантириш истиқболларига алоҳида қизиқиш билдирдилар.
Иштирокчиларнинг умумий фикрига кўра, кўп марказли дунё шаклланаётган шароитда Марказий Осиё мустақил, барқарор ва ҳамкорликка очиқ минтақа, шунингдек, Европа ва Осиёнинг йирик иқтисодий маконларини ўзаро боғловчи бўғин сифатида ўз ўрнини мустаҳкамлаш учун тарихий имкониятга эга бўлмоқда.