Италия “лавозим ваколатини суиистеъмол қилиш” жиноятини қайта тиклайди
Европа парламенти коррупцияга қарши янги директива қабул қилгач, Италия “лавозим ваколатини суиистеъмол қилиш” жиноятини яна жорий этишга мажбур бўлиши мумкин. ANSA ахборот агентлиги хабар қилишича, янги қоидага кўра, давлат амалдорларининг ваколатдан ноқонуний фойдаланиши жиддий жиноят сифатида баҳоланиши шарт. Умуман, энди ЕИга аъзо барча давлатлар тегишли қонунни қайта кўриб чиқиши талаб этилади. Шу тариқа бу борадаги мавжуд ҳуқуқий ёндашув ўзгариши кутиляпти.
Европарламент вакиллари ушбу масала бўйича талаб аниқлигини таъкидлаган. Яъни, Италия бундай жиноятнинг камида икки энг оғир турини қайта киритишга мажбур. Қолаверса, мамлакат Европа Кенгашида айни қоидани қўллаб-қувватлаган. Демак, директивани четлаб ўтиш имкони, деярли, қолмаган.
Маълумки, 2024 йил Жоржа Мелони ҳукумати мазкур жиноят турини бекор қилган. Адлия вазири ўша қарорни қонун ҳужжати ноаниқлиги, амалдорлар орасида ортиқча қўрқув уйғотиши билан изоҳлаган. Унинг фикрича, ҳолат иқтисодий қарорларни секинлаштириб, жамиятга зарар етказган. ЕИнинг янгича сиёсати эса масалани қайта кўриб чиқишга ундамоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, кутилаётган ўзгариш Италияда коррупцияга қарши кураш жараёнини кучайтириши мумкин. Шу билан бирга давлат хизматчилари учун ҳуқуқий хавф ошиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Энди ҳаммаси янги қонун қандай шаклда қабул қилиниши ва амалда қандай қўлланишига боғлиқ.
Мусулмон Зиё, ЎзА