IT соҳаси ривожида хотин-қизларнинг ўрни
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 22 февраль куни соҳа ва ҳудудларда рақамлаштириш жараёнини жадаллаштириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Давлатимиз раҳбари IT хизматлар экспортини келгусида 1 миллиард долларгача ошириш режа қилинганини, бунинг учун камида 100 минг нафар малакали дастурчи, IT-архитектор, оператор ва муҳандислар кераклигини қайд этди.
Ҳудудларда юқори тезликдаги интернет тармоғини кенгайтириш, хорижий IT-компаниялар кўпайиши учун янада қулай муҳит яратиш, аҳоли ва тадбиркорлар учун энг зарур бўлган янги электрон хизматларни ишга тушириш борасида имкониятларни кўрсатиб ўтди.

Юртимизда IT соҳасининг ривожланишида хотин-қизларнинг ҳам ҳиссаси борми? Кам таъминланган, имконияти чекланган хотин-қизларнинг ушбу соҳани мукаммал эгаллашлари учун шароитлар етарлими?
ЎзА мухбирининг шу каби саволларига рақамли технологиялар вазири маслаҳатчиси Камола Собирова жавоб берди.
– Бугунги кунда ахборот технологиялари йўналишида 9 мингдан ортиқ хотин-қиз ўз меҳнат фаолиятини олиб бораётгани барчамизни хурсанд қилмоқда, – дейди Камола Собирова. – Бу жами соҳадаги ходимларнинг 33 фоизини ташкил этади.
Сўнгги уч йилда республика миқёсида дастурчи хотин-қизлар учун қатор лойиҳалар, хусусан «IT-Women uz», «Digi Girls», «Django girls», «Tech Robo Girls» каби маҳаллий ва хорижий танловлар, лойиҳалар ташкил этилиб, минглаб иштирокчиларга янги лойиҳаларни амалга ошириш учун молиявий кўмак берилмоқда.
– 2022 йилда Тошкентда янги лойиҳа – аёллар учун «GAP» IТ клуби ишга туширилди. Ушбу лойиҳадан кўзланган асосий мақсад нима?
– Асосий мақсад жамиятдаги «IT соҳаси қизлар учун эмас», деган стереотипни синдириш ва STEM йўналишида қизлар улушини кўпайтиришдир. Ўтган йилнинг ноябрь-декабрь ойларида Тошкентда хотин-қизлар ўртасида IТ йўналишлари битирувчилари ва ёш мутахассислар учун «Digital Internship Programm» амалиёт дастури ташкил этилди. Натижада 53 нафар қиз IТ-компанияларда амалиёт ўташ имкониятига эга бўлди. Шундан 23 нафар аёл ишга жойлашди, қолганларининг эса корхоналарда ишлаб чиқариш амалиёти узайтирилди.
– IT соҳасини ўрганиш учун маблағ талаб қилинади. Кам таъминланган оилалардаги қизларни бу соҳага ўқитиш бўйича имкониятлар яратилганми?
– Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2022 йил апрель ойида IT-Парк маъмурияти USAID ташкилоти билан ҳамкорликда Қорақалпоғистондаги хотин-қизлар учун ахборот-коммуникация технологиялари бўйича “IT Women – Karakalpakstan” ўқув дастурини ишга туширди. Лойиҳа доирасида 60 нафар хотин-қиз бепул таълим олди.
Шунингдек, ўтган йилнинг июнь ойида IТ-Парк ва ЮНИСEФнинг 12 ёшдан 18 ёшгача бўлган қизлар, жумладан, ногиронлиги бўлган қизлар учун IТ бўйича ўқитиш дастури – «Skills4Girls» қўшма лойиҳаси ишга туширилди. Лойиҳа декабрь ойида ўз ниҳоясига етиб, унда рақамли саводхонлик дастури доирасида 214 нафар иштирокчи, жумладан, 70 нафар имконияти чекланган қиз ўқитилди.
Кўришида нуқсони бор хотин-қизлар учун алоҳида дастур асосида дарслар ташкил қилинади. Келгусида имконияти чекланган хотин-қизлар орасидан ҳам тажрибали дастурчиларни кашф қилишни мақсад қилганмиз.
ЎзА мухбири
Нигора Раҳмонова
суҳбатлашди