IT Pаrk соҳасида Фарғона тажрибаси оммалашади (+видео)
Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятида борган манзилларининг бири Фарғона шаҳридаги IT Park мажмуаси эди.
Мазкур мажмуа давлатимиз раҳбарининг 2024 йил август ойидаги ташрифи давомида берилган топшириқлари асосида барпо этилган. Бир жиҳатдан бу танишув ижро интизоми билан ҳам боғлиқдек кўринади. 150 миллиард сўм бюджет маблағлари ҳисобига қурилган объект бир вақтнинг ўзида 200 нафаргача фойдаланувчини қамраб олади. Йилига 3 мингдан ортиқ ёшларни ўқитиш, уларни амалий лойиҳаларга жалб этиш ва IТ хизматлари кўрсатиш имконияти яратилган.

Марказда фрилансерлар ва дастурчилар учун замонавий коворкинг муҳити, резидент компаниялар учун тўлиқ жиҳозланган офислар ташкил этилган. Бу ерда таълим, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш жараёнлари ўзаро боғланган ҳолда йўлга қўйилган. Яратилган инфратузилма ёшларнинг ўзини ўзи банд қилиш имкониятларини кенгайтириб, барқарор даромад топишига хизмат қилади.
– Вилоятимизда энг катта IT маркази қад ростлади. Унда ёшлар учун IT тадбиркорлигини ташкил этишга барча имкониятлар мавжуд. Марказнинг очилиши вилоят иқтисодиёти ривожланишига катта таъсир қилади, –дейди IT Park Фарғона филиали бош менежери Илҳомжон Болтабоев. – Президент бу ерда яратилган шароитлар билан танишдилар. Кейин эса ёшлар билан самимий суҳбатлашдилар. IT соҳасини ривожлантириш, бу борада экспорт миқдорини ошириш, ёшларни унинг мураккаб тармоқларига ўргатиш масаласига устуворлик бераверамиз, дедилар.

Президент парк резидентлари ва ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритаётган ёшлар билан мулоқот қилди. Улар томонидан илгари сурилган ташаббус ва ғоялар қўллаб-қувватланди.
– Давлатимиз раҳбари билан учрашув менинг ҳаётимда унутилмас воқеа бўлди. Уларнинг самимий инсон эканликлари, ёшлар билан ёшлар “тили”да суҳбатлашганлари бизда унутилмас таассурот қолдирди, – дейди иқтидорли мутахассис Илҳомжон Болтабоев. – Шахсан мен ҳам бошқа ёшлар қатори соҳага доир фикр-мулоҳазаларимни билдирдим. Тадбирдан сўнг уйга борганимда ота-онам мендан фахрландилар ва Президентимизни дуо қилишди.

Хўш, мазкур IT Park фарғоналик ёшларга яна қандай қулайликлар яратади?
– Шу бино биринчи қаватининг ўзида 200 дан ортиқ замонавий IT касбидаги мутахассисларни иш билан таъминлаш, улар фаолият юритиши имкониятлари яратилган. Умуман олганда, вилоятимизда ҳозир 150 дан ортиқ IT компаниялари бўлса, ушбу марказ фойдаланишга топширилиши натижасида у бир неча баробарга ошади. IT соҳасидаги таълим йўналишида эса йилига уч мингдан зиёд ёш мутахассислар етишиб чиқади, – дейди Илҳомжон Болтабоев.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, агар 2025 йилда 22,7 млн долларлик ахборот технологиялари хизмати экспорт қилинган бўлса, бу йил бу рақам 30 млн долларга етиши кутилмоқда.
Яна бир гап. Президент Фарғонадаги каби IT Park марказларини аввало Тошкент шаҳрида ва бошқа вилоятларда ҳам барпо этиш топшириғини берди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/61MxJDqxak8" title="IT Pаrk sohasida Farg`ona tajribasi ommalashadi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов(видео, сурат), ЎзА