Истиқболли ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда
Тошкент вилоятида амалга оширилаётган тизимли ишлар ўз натижасини бермоқда. Ҳудудда қурилиш, бунёдкорлик ишлари кўлами кенгайиб, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳалари йилдан йилга ривожланмоқда. Бу аҳолининг турмуш шароитини янада яхшилаш, бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётир.
Дарҳақиқат, вилоят аҳолиси кўпгина янгиланишларга гувоҳ бўлмоқда. Сўнгги йилларда ҳудудда 28 та кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилди. Буни Нурафшон шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Замонавий меъморчиликнинг сўнги ютуқларини ўзида мужассам этган кўп қаватли уйлар, замонавий бинолар, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида очилган медиа ходимлари ва ижодкорлар боғи шаҳар кўркига кўрк қўшмоқда.
Вилоятда камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини ошириш, маҳаллий бюджет даромадларини кўпайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада аҳолини касбга ўқитиш, молиявий саводхонлигини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш, инфратузилмани янада яхшилаш, ердан самарали фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда. Маълумотларга кўра, ҳозир ҳудуднинг камбағаллик даражаси 10,2 фоизни ташкил қилмоқда. 2021 йилда бу кўрсаткич 23,2 фоиз бўлган. Яхши ташаббуслар натижасида жорий йил охиригача 40 мингга яқин аҳоли камбағалликдан чиқарилади. Айниқса, бу жараёнда қишлоқ хўжалиги ерлари ижарага берилади, аҳолининг паррандачилик ва балиқчилик билан шуғулланишига шароит яратилади.
[gallery-19727]
Вилоятда 35,3 мингдан зиёд кичик бизнес субъекти фаолият юритмоқда. Охирги беш йилда уларнинг вилоят иқтисодиётидаги улуши 44 фоиздан 51 фоизга ошган. Аҳамиятлиси шундаки, ҳудуд аҳолисининг 74 фоизи айнан шу соҳада иш билан банд қилинган. “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш”, “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш”, “Бизнесга биринчи қадам” дастурлари доирасида минглаб аҳоли ишли бўлмоқда. Янгийўл, Ўрта Чирчиқ, Бекобод, Пискент туманларида иссиқхоначилик, томорқа хўжаликлари, чорвачилик, мева-сабзавот ва кўкатлар етиштириш, ҳунармандчилик йўналишларида самарали фаолият юритаётган тадбиркор оилалар кўп. Уларнинг тажрибалари ҳудудларда оммалаштирилмоқда.
Вилоятда тадбиркорлар саъй-ҳаракати билан саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 70 триллион 678 миллиард сўмга етиб, 106,9 фоизга ўсган. Энг асосийси, хорижий капитал иштирокидаги корхона ва ташкилотлар сони 1 минг 612 тани ташкил этмоқда. Ҳозирда экспорт ҳажми 741,5 миллион долларга етган. Тадбиркорлар дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатига ўз маҳсулотини сотмоқда.
Туризм вилоят иқтисодиётнинг асосий драйверларидан бири ҳисобланади. Шунинг учун жойларда муҳандислик-коммуникация тармоқлари, коммунал ва йўл инфратузилмаларини яхшилаш, маданий мерос объектларини реставрация қилиш бўйича самарали ишлар олиб борилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида мазкур соҳада 40 га яқин лойиҳа амалга оширилди. 4 та махсус “туризм кўчаси” ташкил этилди. Айрим ҳудудлардаги қишлоқларга “Туризм қишлоғи” мақоми берилди. Бундан ташқари, вилоятда электротехника саноати ҳам жадал ривожланяпти. Ҳозирги кунда бу йўналишда 140 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. 2024-2027 йилларда электротехника саноати йўналишида жами 1,7 миллиард долларлик 24 та лойиҳани амалга ошириш белгиланган. Натижада 3 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади.
Умуман олганда вилоятда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарадорлиги йилдан йилга ортмоқда. Давлатимиз раҳбарининг Тошкент вилоятига навбатдаги ташрифи доирасида ҳам ижтимоий-иқтисодий соҳаларда, аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш борасида муҳим вазифалар белгиланади.
А.Мусаев, А.Алижонов(сурат),
ЎзА мухбирлари