Истиқболли лойиҳалар самаралари
Қорақалпоғистон Республикасининг жанубий туманларида сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш ва 100 минг гектар суғориладиган ерни оқар сув билан таъминлашга йўналтирилган янги лойиҳа амалга оширилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикасининг жанубий туманларида сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш ва 100 минг гектар суғориладиган ерни оқар сув билан таъминлашга йўналтирилган янги лойиҳа амалга оширилмоқда.Жаҳон банки иштирокида амалга оширилаётган “Жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш” лойиҳаси доирасида Тўрткўл, Элликқалъа ва Беруний туманларида 2021 йилгача 376,7 миллион доллар миқдоридаги ишлар бажарилиши режалаштирилган.
Лойиҳа доирасида Бўстон каналининг 35 километр қисмини янгидан қуриш, яна шунча қисмини қайта тиклаш, 160 кубометр сув ўтказиш қувватига эга Ўнгқирғоқ каналининг 31 километри ва Пахтаарна каналининг 27,5 километрини қайта тиклаш, 375 километрлик хўжаликлараро каналлар ва гидротехник иншоотларни қуриш, қайта тиклаш ва таъмирлаш ишлари бажарилади. Сув тақсимотини назорат ва ҳисоб-китоб қилувчи замонавий автоматик технологиялар жорий этилади.
Лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида Элликқалъа туманига қарашли 33,2 минг, Беруний туманидаги 34 минг ҳамда Тўрткўл тумани ҳудудидаги 32,8 минг – жами 100 минг гектардан ортиқ суғориладиган ерларга Бўстон канали орқали табиий оқим билан сув етказиб берилади.
– Бу ҳудудда ҳар йили 269 миллион кубометр сувни тежаш имконини беради, – дейди “Жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш” лойиҳаси координатори Ўктам Рўзимов. – Айни пайтда Туямўйин сув омборидан ушбу туманларга “Дўстлик”, “Қилчиноқ”, “Найман-Бештом” каби йирик ва яна 20 га яқин майда насос станциялари орқали сув етказиб берилмоқда. Уларни ишлатиш учун жуда катта миқдорда электр энергияси сарфланади. Лойиҳа амалга оширилгач, бундай ортиқча электр сарфланишига барҳам берилади. Шунингдек, фермер хўжаликларидаги 450 дан ортиқ кичик насослар тўхтатилади. Натижада йилига 15 миллиард сўмликка яқин электроэнергия ва ундан фойдаланиш харажатлари иқтисод қилинади. 3 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади.
Лойиҳа доирасида ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, пахта етиштиришда юқори агротехник технологияларни қўллаш, пахта ҳосилини йиғиб-териб олишни механизациялаш даражасини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, лойиҳа амалга оширилгач, пахта майдонлари қисқаради ва унинг ўрнига мева-сабзавот етиштириш 15-20 фоиз кўпаяди. Салкам 50 гектар ерда томчилатиб суғориш йўлга қўйилади. Ишни қайта ташкил этиш асносида маҳсулотлар экспортини кўпайтириш ва 500 дан ортиқ янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.