“Истеъмолчилар уйи” лойиҳаси амалда
Навоий вилояти Конимех тумани Дўстлик маҳалласида “Истеъмолчилар уйи” қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Тадбирда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов, Конимех тумани ҳокими Руслан Рўзиев, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари, корхона, ташкилот раҳбарлари, маҳаллалар фаоллари, ОАВ ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Унда сўзга чиққанлар юртимизда аҳолининг истеъмолчи сифатида ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 мартдаги “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ҳамда ушбу фармон асосида тасдиқланган “Йўл харитаси”да жамоатчилик назорати, давлат бошқаруви ва ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг иштироки даражасини ошириш, шунингдек, давлат органларининг очиқлиги ва ошкоралигини янада кенгайтириш, давлат бошқаруви органлари томонидан бажарилаётган функцияларнинг фуқаролик жамияти институтлари орқали амалга оширишнинг миқдорини кўпайтириш масаласи устувор вазифа этиб белгиланган.

Юртимизда “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” ғоясини амалда рўёбга чиқариш, фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият ишларидаги иштирокини фаоллаштириш ҳамда ижтимоий шерикликнинг замонавий механизмлари жорий этиляпти.

– Бугунги кунда маҳаллий ҳокимликларнинг амалий кўмагида Федерация томонидан аҳолининг истеъмол маданиятини ошириш, туманда кутубхона хизмати кўрсатиш тизимини ташкил этиш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини янада оширишга хизмат қиладиган, истеъмолчилик соҳаси, сиёсий ва бадиий адабиётлар билан таъминланган “Истеъмолчи кутубхонаси” ва аҳолини истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқий билимини юксалтириш мақсадида “Истеъмолчилар уйи” лойиҳаси амалга оширилмоқда, – дейди Федерациянинг Навоий вилояти ҳудудий бирлашмаси раиси Тожиддин Эшмирзаев. – Лойиҳа доирасида туманларимизда “Истеъмолчилар уйи” қурилмоқда. Шу кунга қадар Томди, Қизилтепа туманлари ва Зарафшон шаҳрида ана шундай масканлар қурилиб, фойдаланишга топширилган.

Замонавий услубда қурилган, ўзига хос инновацион ечимга эга “Истеъмолчилар уйи” маъмурий комплексидан жой олган “Истеъмолчи қабулхонаси”да истеъмолчиларнинг ариза ва мурожаатлари қабул қилинади.
Дарҳақиқат, бу каби масканлар аҳолининг, қолаверса, ёш авлоднинг ҳуқуқий билимини ошириш ҳамда истеъмол маданиятини янада юксалтириш, фуқароларнинг мурожаатларини тезкорлик билан ҳал этилишида хизмат қилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири