Истеъмолчилар ҳуқуқлари доимий эътиборда
Фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мурожаатларига ўз вақтида амалий ечим топиш адолат ва қонунийликнинг муҳим мезони ҳисобланади. Бу борада Хатирчи тумани Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жалойир маҳалласида яшовчи А.Маматов мурожаатига кўра, турмуш ўртоғи “И” савдо марказидан 8 миллион 227 минг сўмга тилла зиракни муддатли тўлов асосида харид қилган. Маҳсулот оила аъзоларига маъқул келмагани, оилада 3 нафар ногиронлиги бўлган шахс борлиги ва тўловларда қийинчилик юзага келиши мумкинлиги сабабли шартномани бекор қилиш сўралган. Савдо марказида масала ҳал этилмаганидан сўнг у туман жамиятига мурожаат қилган. Натижада шартнома бекор қилиниб, фуқаронинг ҳуқуқи тикланди.
Тинчлик маҳалласида яшовчи Р. Умаровнинг эса 3 йиллик муаммосига ечим топилди. У 2023 йилда “С.У.” фермер хўжалигига 180 миллион сўмлик маҳсулот етказиб берган, шундан 15 миллион сўми тўланмай қолган. Жамият мутахассисларининг ҳуқуқий тушунтиришлари натижасида фермер хўжалиги ушбу маблағни тўлиқ тўлаб берди.
Маданият маҳалласида яшовчи Н. Турдиев эса Instagram орқали Тўрткўл туманидаги “Тўрткўл” савдо марказидан 3 миллион 200 минг сўмга буюртма берган дрель ўрнига сифатсиз маҳсулот олинганидан шикоят қилди. Хатирчи ва Тўрткўл туманлари истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳамкорлиги натижасида муаммо бир кун ичида ҳал этилди. Фуқарога 3,2 миллион сўм маблағ қайтарилиб, сифатсиз маҳсулот олиб кетилди.
Абдували Бўриев, ЎзА мухбири