Истеъмолчилар ҳуқуқи қонун ҳимоясида
Андижонда Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси вилоят ҳудудий бирлашмасининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.
Ўзбекистоннинг ҳозирги ривожланиш босқичида кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига ўтиш масаласи устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Мазкур жараёнда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўрни ва роли ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис ҳам ана шу бўғиннинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур йўналишда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳам самарали фаолият юритиб келмоқда.
Таркибига 50 минг нафарга яқин аъзони бирлаштирган Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Андижон вилояти ҳудудий бирлашмасининг ҳисобот-сайлов конференциясида бирлашманинг туман, шаҳар жамиятлари раҳбарлари, таянч гуруҳлари, ҳамкор ташкилотлар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Конференцияда Андижон вилояти Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳудудий бирлашмасининг кейинги беш йил давомидаги фаолияти юзасидан бирлашма раиси Зокиржон Аҳмедовнинг ҳисоботи тингланди.
– Айни пайтда бирлашмамиз таркибида 18 та туман, шаҳар жамиятлари, шунингдек, маҳаллалар, корхона ва ўқув муассасаларида 100 дан зиёд таянч гуруҳларимиз фаолият олиб боради, – дейди Зокиржон Аҳмедов. – Умуман, фуқаролар ҳамда хўжалик субъектларидан келиб тушган 1 минг 561 та мурожаатнинг аксарияти ижобий ҳал этилиб, фуқаролар фойдасига 3 миллиард 132 миллион сўмдан зиёд маблағ ундириб берилди.
Ҳисобот даврида бирлашма 158 та давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорлик шартномаси ёки меморандум асосида иш олиб борган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунларида белгиланган вазифаларн ижросини таъминлаш, истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳолининг бу борадаги билим ва тушунчалари ҳамда истеъмол маданиятини юксалтириш борасида олиб борилган ишлар қайд этилди. Хусусан, корхона, ташкилот, ўқув муассасалари, савдо мажмуалари ва бозорларда “Истеъмолчи билан мулоқот”, “Сиз ҳуқуқингизни биласизми?”, “Истеъмол маданияти – жамият равнақи” сингари ўнлаб мавзуларда 5 мингга яқин учрашув, давра суҳбати, семинар каби тарғибот тадбирлари ўтказилган. Айниқса, 2020 йилда юртимизда юзага келган коронавирус пандемияси даврида қатор лойиҳа ва акциялар доирасида уюшма аъзолари, ногирон ва кам таъминланган аҳоли вакилларига моддий ёрдамлар кўрсатилди.
[gallery-4365]
Ҳисобот, бирлашма фаолиятини такомиллаштириш, ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан Бирлашманинг Хонобод шаҳар, Андижон туман жамиятлари раислари Абдулҳамид Абдураҳимов, Мавлудахон Аъзамжонова ва бошқалар сўз олиб, ўзларининг таклиф, фикр ва мулоҳазаларини бирдир.
– Мен “Жаҳон бозори”дан музлатгич сотиб олган эдим, – дейди музокара учун сўзга чиққан Андижон туманидаги Экин-тикин маҳалласида яшовчи Умидахон Каримова. – Музлатгични уйга олиб борганимдан сўнг бир кун ўтиб ишламай қолди. Сотиб олган дўконга бориб бу ҳақда айтганимда улар турли баҳоналар билан музлатгични қайтиб олиш ёки алмаштириб беришни пайсалга солди. Бу ҳақда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Андижон шаҳар жамияти мутахассисларига мурожаат қилдим. Уларнинг аралашуви билан носоз музлатгич бошқасига алмаштириб берилди. Ушбу кўмакдан беҳад мамнун бўлдим.
Анжуманда Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси конференциясига делегатлар сайланди ҳамда кўрилган бошқа барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА