Истеъмолчилар ҳуқуқи ҳимоя қилинмоқда
Бугун мамлакатимизда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар аҳоли манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Фуқаролар мурожаатларига тезкор ва қонуний ёндашув эса бу тизим самарадорлигини янада ошираётган асосий омиллардан биридир.
Навбаҳор туманида яшовчи фуқаро Расул Мансуров томонидан электромобиль сифати юзасидан қилинган мурожаат туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимлари томонидан атрофлича ўрганилди.
Унинг маълум қилишича, Кармана туманида жойлашган “AGRO FINANS LIZING”АЖ дан харид қилинган Changan русумли электромобиль сотувчи томонидан айтилган техник кўрсаткичларга жавоб бермаган.
Мазкур ҳолат қонун доирасида кўриб чиқилиб, истеъмолчининг қонуний манфаатлари таъминланди ҳамда муаммо бартараф этилди.
Яна бир ҳолатда эса Навбаҳор туманида яшовчи фуқаро Холова Ойзода хусусий тиббиёт муассасасида хизмат учун амалга оширилган тўлов билан боғлиқ муаммога дуч келган. У пластик карта орқали 300 минг сўм тўлов қилган бўлса-да, маблағ ечиб олинганига қарамасдан, хизмат кўрсатувчи томонидан бу инкор этилган.
Ушбу мурожаат ҳам ўрганилиб, муассаса раҳбариятига қонуний тушунтиришлар берилди. Натижада фуқаронинг маблағи тўлиқ қайтарилди.
Бу каби мисоллар мамлакатимизда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими самарали ишлаётганини кўрсатади. Энг муҳими, ҳар бир мурожаат эътиборсиз қолмасдан, қонуний ечим топмоқда.
А.Бўриев, ЎзА