Истеъмолчига етган моддий зарар қопланди
Фарғона вилояти Риштон тумани Шокирота маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Ш.Эгамов туман ҳудудидаги «Хучанбой хожи ўғли Дилмурод» хусусий корхонасидан 150 дона шифер маҳсулотини олдинроқ харид қилиб олиб қўйган.
Лекин шу йили томга чиқарилиб, ёпилган шиферлардан 25 таси орадан бир неча кун ўтиб, ёрилиб сифатсиз ҳолга келган.
Ш.Эгамов шу муносабат билан Риштон тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг ишонч телефонига мурожаат қилди. Мурожаат туман жамияти мутахассислари томонидан ўрганиб чиқиш жараёнида маҳсулотни ишлаб чиқарган корхона «Қувасой Грант» шифер заводи масъул ходимлари билан телефон орқали боғланиб, юзага келган вазият юзасидан тушунтиришлар берилди ҳамда амалдаги қонунчилик талаблари юзасидан музокаралар олиб борилди.
Ўрганиш якунлари билан истеъмолчига «Хучанбой хожи ўғли Дилмурод» хусусий корхонасига қарашли савдо дўконида сотилаётган шиферлардан 25 донаси етказиб берилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА