Истеъмолчига ҳам, таъминотчига ҳам қулайлик
Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар жараёнида электр таъминоти корхоналари ва абонентлар ўртасида ҳисоб-китоб тизимининг замонавий усулларидан фойдаланилаётгани эътиборга лойиқ.
– Уйга янги электр ҳисоблагич ўрнатишгани яхши бўлди. Бозор ёки дўкондан маҳсулот харид қилгандек, электр энергияси учун пулни аввалдан тўлаймиз, – дейди ишхонадан шошилиб чиқиб кетаётган ҳамкасбим. – Бугун ҳам эрталаб ишга отланаётсам, аёлим рўзғор учун зарур маҳсулотлар рўйхати билан бирга электр ҳисоблагич карточкасини ҳам қўлимга тутқазди.Ҳамкасбимнинг ишини маъқулладим. Тўғри-да, инсон кундалик эҳтиёжи учун зарур озиқ-овқат маҳсулоти миқдорини ёки транспорт, маиший хизматга сарфланадиган маблағни ҳисоб-китоб қилиб, ойлик харажатларини шу асосда тақсимлайди. Бу маҳсулот ёки хизмат ҳақини ҳеч қачон кейин тўлайман, деб айтолмаймиз. Шундай бўлгач, бизга кўрсатилаётган коммунал хизматлар ҳақини ҳам олдиндан тўлаб қўйишга одатланишимиз керак-да.
Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар жараёнида электр таъминоти корхоналари ва абонентлар ўртасида ҳисоб-китоб тизимининг замонавий усулларидан фойдаланилаётгани эътиборга лойиқ.
– Электр энергиясига талаб ортиб бораётган бугунги кунда аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларни электр энергияси билан таъминлашда сифат самарадорлигига эришиш энг муҳим вазифалардандир, – дейди “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари” очиқ акциядорлик жамияти раиси Ғулом Примов. – Бу борада мамлакат ҳукумати ва “Ўзбекэнерго” давлат акциядорлик компанияси томонидан зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Хусусан, электр энергияси сотилиши ҳамда ундан фойдаланишни ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизимини мустаҳкамлаш мақсадида барча тоифадаги истеъмолчиларга босқичма-босқич замонавий электрон ҳисоблагичлар ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда. Вилоятимиздаги аҳоли хонадонларининг қарийб эллик фоизида янги турдаги, яъни пластик тизимли электрон ҳисоблагичлар ўрнатилган. Нарпай, Иштихон ва Самарқанд туманларида салмоқли ишлар амалга оширилди. Бу ҳудудларда истеъмолчиларнинг 62-72 фоизи электр энергияси ҳақини янги тизим бўйича тўламоқда. Яқинда Ургут туманидаги беш мингдан зиёд аҳоли хонадонлари ана шундай замонавий ҳисоблагичлар билан таъминланди.
Барча турдаги истеъмолчиларга 2012-2017 йилларда электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланадиган электрон ҳисобга олиш приборлари ўрнатилиши режалаштирилиб, шу асосда иш олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 1 ноябрдаги “Ўзбекэнерго” давлат-акциядорлик компанияси фаолиятини такомиллаштириш ва истеъмол қилинаётган электр энергияси учун ҳисоб-китоблар интизомини мустаҳкамлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни жадаллаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ушбу қарор асосида электр энергиясидан фойдаланувчи истеъмолчилар томонидан истеъмол қилинган электр энергияси учун тўловларни амалга оширишда бир қатор қулайлик ва янгиликлар жорий этилди. “Электрҳисоб” дастури ташкил этилиши билан электр энергияси истеъмолчиларининг ягона марказлашган маълумотлар базаси яратилди. Истеъмолчиларнинг мобиль телефон рақамлари мазкур дастурга бириктирилиб, улар учун “Ўзбекэнерго” компанияси сайти орқали "Шахсий кабинет"га кириш, ўз ҳисоби ва тўловлари мониторингини олиб бориш, сўровлар юбориш ҳамда мобиль телефон рақамига тўлов ва қарздорлик бўйича қисқа хабарларни қабул қилиш имконияти мавжуд. Мисол учун, истеъмолчининг ҳисоблагич кўрсаткичи “Электрҳисоб” дастурига қабул қилиниши билан унинг мобиль телефонига SМS хабар юборилади.
Истеъмолчилардан электр энергияси учун тўловларни on-line режимида қабул қилиш тизими ҳам жорий этилган. Бу вазифа ҳозир “Ўзбекистон почтаси”, PAYNET ва бир қатор банклар тўлов тизимлари орқали амалга оширилаётир. Истеъмолчи дастурдаги “Шахсий кабинет” орқали тушган тўловлар, киритилган ҳисоблагич кўрсаткичлари, ҳисоб-китоб тарихи, ҳисоблар тўғрисида маълумотларни кўриши мумкин. Шунингдек, “Шахсий кабинет” ёрдамида истеъмолчига вақтинчалик ўчириш ҳақида маълумотнома олиш, пломбалаш, электр ҳисоблагични алмаштиришга ариза бериш имконияти яратилган. Бу фуқароларнинг вақтини тежаш, интерактив хизматлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, муҳими, тўлов интизомини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бугунги кунда вилоятда истеъмолчиларнинг 32 фоизи мобиль телефон рақамлари “Электрҳисоб” дастурига киритилган. Электр энергияси учун тўловларнинг йигирма фоиздан ортиғи on-line режимида қабул қилинмоқда. Албатта, ҳозирча бу рақамлар унчалик катта эмас. Айни пайтда олиб борилаётган ишлар яқин вақтлар ичида бу борада жиддий ўсиш, ривожланишни таъминлаши шубҳасиз.