Истеъмолчи манфаати — устувор
Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоев ҳамда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов иштирок этган ушбу учрашувда долзарб масалалар очиқ ва таҳлилий муҳокама қилинди.
Мулоқот марказида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 6 октябрдаги “Истеъмолчилар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси турди. Ушбу ҳужжат доирасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилиниб, келгусидаги устувор вазифалар аниқ белгилаб олинди.
Учрашув давомида истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, аҳоли мурожаатларини тизимли равишда ўрганиш ва уларга тезкор, самарали ечим топиш масалаларига алоҳида урғу берилди. Зеро, бугунги кунда истеъмол маданиятини юксалтириш нафақат иқтисодий, балки ижтимоий барқарорликнинг ҳам муҳим омилларидан бирига айланмоқда.

Алоҳида таъкидланганидек, Жиззах вилоят ҳокимлиги томонидан нодавлат нотижорат ташкилоти ҳисобланган Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг ҳудудий бирлашмаси фаолиятини қўллаб-қувватлашга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу эътибор қоғоздаги ваъдалар эмас, балки аниқ амалий қадамлар билан мустаҳкамланмоқда.
Хусусан, ҳудудий тузилмаларнинг самарали ишлаши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, маъмурий бинолар билан таъминлаш каби масалалар юзасидан ўзаро келишувларга эришилди. Бу эса, ўз навбатида, тизимнинг “қоғозда эмас, амалда ишлайдиган” механизмга айланишида муҳим аҳамият касб этади.
Вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев Федерация томонидан илгари сурилаётган ташаббусларнинг аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишдаги аҳамиятини алоҳида қайд этар экан, фуқаролар мурожаатларини чуқур ва тизимли ўрганиш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда истеъмол маданиятини оширишга қаратилган барча лойиҳаларда доимий ҳамкорлик таъминланишини билдирди.
Учрашувда аниқ вазифалар устувор бўлди: вилоятда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича қатор амалий йўналишлар белгилаб олинди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири