Истанбулда ноқулай об-ҳаво кутиляпти
Дунёнинг турли ҳудудларида кузатилаётган кескин об-ҳаво ҳодисалари иқлим ўзгариши ва экологик мувозанат издан чиқаётгани ҳақидаги хавотирни янада кучайтирмоқда.
Шу кунларда юртимизнинг қатор ҳудудларида ҳарорат 40-45 даражадан ошиб, кучли жазирама кузатилаётган бир пайт Туркиянинг энг йирик шаҳри ҳисобланган Истанбулга 23-26 июль кунлари кучли ёмғир, момақалдироқ келиши кутилмоқда.
Қардош мамлакат Метеорология бош бошқармаси маълумотига кўра, бугундан вақт-вақти билан ёмғир ёғиши, тушдан кейин айрим туманларда кучли ёғингарчилик момақалдироқ билан бирга кузатилишини маълум қилди. Айрим жойларда шамол соатига 30-50 км, шанба куни эса 40-60 километргача кучайиши тахмин қилинган. Ҳокимлик аҳолини сел, сув тошқини ва транспорт ҳаракатида узилиши юзага келиши эҳтимолидан огоҳлантирди.
Мутахассислар таъкидлашича, ер юзи бўйлаб фавқулодда иқлим ҳодисалари кўпайиши глобал иқлим ўзгариши билан боғлиқ жараён. Атмосферага буғ гази ҳаддан зиёд миқдорда чиқиши, ўрмон қисқариши, шаҳарлашув ва атроф-муҳитга антропоген таъсир ортиши ҳудудларда узоқ давом этувчи иссиқ тўлқин, қисқа вақтда ёғадиган кучли ёғингарчиликка олиб келмоқда.
Экологлар фикрича, иқлим ўзгариши бутун инсоният учун долзарб муаммога айланган. Шу боис табиатни муҳофаза қилиш, атмосферага чиқаётган зарарли моддалар миқдорини камайтириш ва экологик барқарор ривожланишни таъминлаш бугунги куннинг муҳим вазифаси бўлиб қолмоқда.
Н.Кайимова, ЎзА