Истанбул — Тошкент рейси нега кечикди?
Яқинда ижтимоий тармоқларда “Centrum Air” авиакомпаниясининг Истанбул — Тошкент йўналишидаги C6302 рейси 3 соатдан ортиқ вақтга кечиккани ҳақида хабарлар тарқалди. Айрим йўловчилар ушбу ҳолат юзасидан ўз норозилигини билдирган.
Мазкур ҳолат Рақобат қўмитаси томонидан назоратга олинди. Ҳозирда рейснинг кечикиши билан боғлиқ вазият, жумладан, йўловчиларга зарур ахборот берилгани, тегишли хизматлар кўрсатилгани ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари таъминлангани ўрганилмоқда. Қўмита маълумотларига кўра, бугунги кунга қадар “Centrum Air” ва бошқа авиакомпаниялар хизматларидан норозилик бўйича 270 дан ортиқ мурожаат келиб тушган.
Бу мурожаатларда авиақатновлар, жумладан, рейсларнинг кечикиши ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ масалалар кўтарилган. Шу боис авиакомпания айби билан рейс белгиланган вақтдан кечиктирилган ёки йўловчи манзилига кеч етказилган ҳолатларда унинг ҳуқуқларини таъминлаш масаласи ҳам алоҳида эътиборда. Рақобат қўмитаси томонидан йўловчиларга пуллик компенсация тўлаш тартибини белгилаш бўйича Транспорт вазирлигига бир нечта кўрсатмалар берилган. Айни пайтда авиаташув хизматларида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини янада такомиллаштириш бўйича ишлар давом этмоқда.
Истанбул — Тошкент рейси бўйича ўрганиш натижаларида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланса, қўмита томонидан ўз ваколатлари доирасида тегишли чоралар кўрилади. Ўрганиш якуни бўйича қўшимча маълумот берилади. Авиаташув хизматларидан фойдаланишда ҳуқуқлари бузилган фуқаролар Рақобат қўмитасининг 1159 ягона ишонч рақами орқали мурожаат қилишлари мумкин.
Нигора Раҳмонова, ЎзА