Иссиқлик таъминотида рақамлаштириш ишлари жадаллашади
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигида иссиқлик таъминоти тизимини янада такомиллаштириш, соҳадаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов ҳамда вазир ўринбосари Озода Жўраева бошчилигида “Иссиқлик таъминоти” АЖ, унинг ҳудудий бўлинмалари, “Иссиқлик таъминоти объектлари бўйича инжиниринг компанияси” ДМ ҳамда ҳудудий бошқармалар раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилиш конструктив ва танқидий руҳда ўтказилиб, соҳада амалга оширилаётган ишлар ҳамда мавжуд камчиликлар атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда иссиқлик таъминоти тизимини ислоҳ қилиш, инфратузилмани модернизация қилиш, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш борасида муайян ишлар амалга оширилди. Бироқ, бугунги кунда ҳал этилиши лозим бўлган долзарб масалалар ҳам мавжуд.

Хусусан, айрим ҳудудларда лойиҳаларни ўз вақтида якунлаш, объектларни фойдаланишга топшириш, дебитор қарздорликларни қисқартириш, биллинг тизимини тўлиқ жорий этиш ишлари суст кечаётгани кескин танқид қилинди.
Шунингдек, замонавий рақамли технологиялардан фойдаланиш, масъул раҳбарларнинг ташаббускорлиги ва тизимли ёндашув етишмаётгани ҳам алоҳида қайд этилди.

Йиғилишда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов соҳада шаффофликни таъминлашда рақамлаштириш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
— Соҳада тартиб ва шаффофликни таъминлашда рақамлаштириш ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Рақамли тизимларни тўлиқ жорий этиш орқали биз самарадорликни ошириш билан бирга, ноқонуний ҳолатларнинг олдини олишга ҳам эришамиз. Шу боис, ҳар бир раҳбар ушбу масалага алоҳида эътибор қаратиши шарт, — деди Шерзод Ҳидоятов.

Йиғилиш давомида соҳадаги камчиликларни бартараф этиш, ижро интизомини кучайтириш ва аниқ натижаларга эришиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Йиғилиш якунида ҳудудий раҳбарларнинг таклиф ва мулоҳазалари тингланиб, мавжуд муаммоларни тизимли ҳал этиш, масъулиятни кучайтириш ҳамда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли ижросини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Содда қилиб айтганда, рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш иссиқлик таъминоти тизимида самарадорликни ошириш, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ва тармоқни барқарор ривожлантиришга хизмат қилади.
Ш.Маматуропова, ЎзА