Иссиқхоналар тўкинликка хизмат қилади
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан «Ўзбекистонда иссиқхона бизнеси: бугунги ҳолати, муаммолари ва истиқболлари» мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан «Ўзбекистонда иссиқхона бизнеси: бугунги ҳолати, муаммолари ва истиқболлари» мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.Тадбирда Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Фермерлар кенгаши вакиллари, мамлакатимизда иссиқхона тадбиркорлиги секторига оид лойиҳаларни амалга ошираётган халқаро ташкилотлар экспертлари, маҳаллий тадбиркорлик субъектлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Шайхов ва бошқалар мамлакатимизда иқтисодий тараққиётнинг энг муҳим устувор йўналишларидан бири бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор натижасида табиий, арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш имкони ошаётганини таъкидлади.
Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йилларидан аграр тармоқни тубдан ислоҳ қилиш, аҳолини арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Биринчи Президентимизнинг 2006 йил 9 январдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Бозорларимизнинг тўкин-сочинлиги, қиш кунларида ҳам мева-сабзавотлар билан тўлалиги иссиқхоналарнинг самарали фаолият юритаётганидан далолатдир.
Тадбир Ўзбекистон иқтисодиётининг қишлоқ хўжалик секторида иссиқхоналар ҳиссасини ошириш, замонавий муҳандислик воситалари ёрдамида ҳосил етиштириш самарадорлигини кўтаришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
– Янги иссиқхона барпо этаётган фермер ва тадбиркорларга сифатли ва кафолатли сабзавот уруғи ва кўчатлар, агротехник тадбирлар учун зарур минерал ва органик ўғитлар етказиб бериш чоралари кўрилмоқда, – дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси бўлим бошлиғи Фаррух Омонов. – Мазкур соҳа вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган бундай кенг қамровли ишлар бозорларимизда йил давомида маҳсулот сероблигини, арзончиликни таъминлаш баробарида аҳоли фаровонлигини янада ошириш, кўплаб янги иш ўринлари яратиш имконини бермоқда. Бугунги тадбирда тадбиркор ва фермерларга мазкур соҳа йўналишида ғов бўлаётган тўсиқлар, муаммолар, уларнинг ечими ҳақида маълумот берилди.
Давра суҳбатида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда иссиқхоналар самарадорлигини ошириш, уларда экиладиган навларни кўпайтиришга оид масалалар муҳокама этилди.