Исроил ҳужумида Эрон генерали ҳалок бўлди
Исроил Сурия пойтахти Дамашқ шаҳридаги Эрон консуллиги биносига ҳаво ҳужуми уюштириши натижасида етти киши вафот этган. Улар орасида Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси икки қўмондони Муҳаммад Ризо Зоҳидий ва унинг ўринбосари Муҳаммад Ҳоди Ҳажриаҳимий ҳам бор эди. Теҳрон “бу хунрезлик учун жавоб қайтариш”га ваъда берди.
Элчи Ҳусайн Акбарий айтишича, жумладан, уч нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган бу воқеа туфайли Исроил турли халқаро мажбурият ва конвенцияларни бузган.
ЭИР Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Носир Канонийнинг алоҳида баёнотида Эрон жавоб қайтариш ихтиёрини ўзида сақлаб қолиши, тажовузкорлар жазоланиши бўйича қарор чиқарилиши маълум қилинган.
– Бир неча бегуноҳ инсон ўлимига сабаб бўлган ушбу даҳшатли террор ҳужумини кескин қоралаймиз, – деди Сурия ташқи ишлар вазири Файсал Меҳдод мамлакат ахборот агентлиги мухбирига.
ТИВ баёнотида Россия ҳам ҳужумни кескин қоралашини билдирганига эътибор қаратилган.
Ушбу фалокат ҳақида сўралганда Исроил ҳарбий воизи журналистларга хорижий ОАВ хабарига изоҳ бермаслигини таъкидлаган.
АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Метью Миллер Қўшма Штатлар минтақадаги можаро кучайишига олиб келадиган ҳар қандай воқеадан хавотир билдиришини айтди.
Таҳлилчилар фикрича, Исроил Эрон минтақавий урушга тўғридан-тўғри қўшилмаслигини билади, шунинг учун Суриядаги Эрон фаоллари ва ходимларига қарши ҳужумни кучайтирмоқда. Теҳроннинг жавоби эса урушни кенгайтириш учун баҳона бўлиши мумкин.
С.Поёнов,
ЎзА